КАРВОН ҲАМОН ЙЎЛДАДИР…

КАРВОН ҲАМОН ЙЎЛДАДИР…

Ёхуд қадимий Жиззахнинг Буюк ипак йўлидаги аҳамияти

 «Мен салом ва тинчлик йўллайман”

Соҳибқирон Темурнинг Франция қироли Карл VI га 1402 йилда юборган мактубидан.

…Қуруқшаган саҳролару яшил водийлар, кўркам воҳаларни босиб, қадим йўллардан узунузун карвонлар келаётир… Неча тоғлар, чўққиларни ортда қолдириб, мушку анбар, гўзал бегойимлар эгнига зеб берувчи ипагу адрас ва атласларни, хонзодалар жамолини акс этгувчи хитойи кумуш кўзгулар, нодир ёдгорликлар, асарлар, бутун илму маърифатни ортиб, оғир-оғир карвонлар бормоқда…Улар келгусида мағриб билан машриқни туташтирувчи, турфа элату миллатлар маданиятини бирлаштирувчи, Буюк ипак йўли деб аталмиш улуғ йўлга асос солишларини хаёлларига ҳам келтирмаган…

Манбаларда турли тарихий даврларда карвон йўллари турлича бўлгани битилади.  XIV аср бошлари ва  XV асрларда – Амир Темур даврида савдо  йўлларига катта эътибор қаратилган. Уларни ривожлантириб ва қўриқлай туриб, у Ҳиндистон, Венеция, Франция, Испания ва Англия, Хитой, Мисрга элчилар жўнатади. “Салом ва тинчлик йўллайман” — Соҳибқирон Темурнинг 1402 йилда Франция қироли  Карл VIга юборган мактуби шундай номланиб, унинг нусхаси орадан 600 йил ўтгандан сўнг, 1996 йилнинг майида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга Франциядаги дўстона ташрифи чоғида топширилган.

Ипак йўлининг марвариди

Буюк ипак йўлида Жиззах муҳим аҳамиятга эга шаҳар-қўрғондир.  Шаҳар икки йўл кесишуви, чорраҳасида пайдо бўлган, X асрда мазкур йўлдаги юк тушириш ва ортиш жойи саналган. Қадим тарихий манбаларда Дизак номли шаҳар учрайди, у Уструшона таркибига кирган. XV асрда, Темур ҳукмронлигидаги янги давлатда Жиззах йирик маданий ва иқтисодий марказга айланди. Бу борада ЎзФА археологик тадқиқотлар институти директор ўринбосари, Жиззах археология экспедицияси бошлиғи Мухтор ПАРДАЕВ шундай дейди:

Буюк ипак йўлининг Жиззах воҳаси учун ҳам аҳамияти катта бўлган. IX–XI асрларда Араб халифалиги пойтахти Бағдоддан бошланган карвон йўли бу даврда ниҳоятда серқатнов бўлиб, Эроннинг Басра, Кошон ва Рай шаҳарлари орқали Хуросоннинг пойтахти Марвга келган. У ердан Амударёнинг чап соҳилидаги Амул шаҳрига(Чоржўй) у ердаги кечув орқали ўтган. Бухоро воҳасидаги туркий савдогарлар шаҳри Пойкентга етган. Кейинги катта тўхташ жойи ҳунармандлар шаҳри, савдо сотиқ маркази бўлган Самарқанд, ундан кейин эса Жиззахга келган. Жиззахнинг Буюк ипак йўлидаги иқтисодий, ҳарбий стратегик аҳамияти шунда бўлганки, бу шаҳардан кейин карвонлар чўллар билан қопланган ҳудудга чиққан. Айнан Жиззахдан кейин карвон йўли учга ажралади. Биринчи йўл Жиззах-Равот-Зомин-Сабот-Шаҳристон(Ўратепа)-Ашт дашти орқали Фарғона водийсига, сўнг Ўш орқали Хитойга йўналган. Иккинчи йўл Жиззах-Қоратепа (Даштобод)-Ховос-Хўжанд-Фарғона водийси ва яна Ўш орқали туташиб Хитойга кетган. Учинчи йўл қисқа, яқинроғу лекин ичар суви камроқ бўлган Мирзачўлни кесиб ўтган, яъни Жиззах-Сардоба- Мирзаработ-Яккасардоба-Сирдарё кечуви, Тошкент воҳаси ва Еттисув-Турфон орқали Хитойга чиқилган.

Тадқиқотлар натижасида Жиззах воҳасининг ғарбий сарҳадлари бўйлаб бир йўл аниқланганки, бу Самарқандни четлаб ўтга транзит йўл ҳисобланган. Демак, Бухоро, Пойкент орқали келган карвонлар Нурота орқали Фориш туманига, унинг маркази Боғдонга, ундан кескин шимолга бурилиб, Хонбанди сув омбори, Калтепа карвон саройи орқали Сирдарё кечувидан ўтиб, Қозоғистон ҳудудларига, у ердан Ўтрор, Еттисув, Турфон бўйлаб Хитойга кетган. Жиззахнинг Буюк ипак йўли фаолиятида нақадар аҳамиятли ҳудуд бўлганини шундан ҳам кўриш мумкин.  

Марсманд қаерда жойлашган?

Дастлаб VII — XII асрларда, сўнгра IX-XII асрларда Жиззах воҳасида иқтисодий кўтарилиш даври ҳукм сурган. Марсмандда, Жиззах яқинида ҳар ойнинг биринчи санасида халқаро савдо ярмаркаси ташкил этилган. Жун, мато ва кийимлар, ипак, заргарлик ва металл буюмлар савдоси бўлган. Тарихчи ибн Хавқал Уструшонанинг Минк ҳамда Марсмандда ҳатто руда қазиш ва уни қайта ишлаш ривожланганлигини ёзади.

Жиззах шаҳрининг шарқий қисмида Жиззах-Пахтакор автойўли ёқасида Жиззах шаҳрининг қадимий ўрни Дизак Қалиятепа сақланиб қолган, — маълум қилади Мухтор ПАРДАЕВ. — Ёзма манбаларда келтирилишича, Жиззахда ниҳоятда кўп карвонсаройлар, работлар фаолият кўрсатган. Таъкидланишича, улар жуда обод, ҳамма вақт савдогарлар учун эшиклари очиқ бўлган. Манбаларда Дизак шаҳрига яқин ерда Марсманд деган шаҳар бор,  у ердан темир рудаси қазиб олиниб, темир ва пўлатдан ҳарбий қуроллар  ишлаб чиқарилади, дейилади. Маворуннаҳр, Бағдод ва Хуросон амирлари ниҳоятда сифатли ана шу қуроллар билан ўз аскарларини қуроллантиришга ҳаракат қилганлар. Зомин туманидаги Миқтепа ёдгорлиги ва унинг атрофидан темирчилар ишлатадиган болға сандонлар, қадимги шахталар топилган. Олимлар ана шу ерни Марсманд дея тахмин қилганлар. Бироқ менинг назаримда, кўҳна шаҳар ўрни у ерда эмас. Сабаби, Ўзбекистон Америка қўшма экспедицияси томонидан Бахмал туманида майдони 7-8 гектарга тенг шаҳарча топилди. Тошбулоқтепа номи билан аталган ушбу қадимги иншоот Моргузарнинг тепасида кенг сайхонликда жойлашган.  Бу ерда темир шлаклари жуда кўп, қазишмалар давомида темирчилик устахонлари ўрни аниқланмоқда, қазув ишлари давом этаяпти. Балки Марсманд шу ерда бўлгандир. Тарихий манбаларда:“Темирчилар шаҳарчасида ҳар ойда бир марта савдо ярмаркаси ташкил этилади. Унинг бир кунлик савдо айланмаси 100 минг динор олтинга тенг бўлиб, бу ўз даври учун бу жуда катта маблағ ҳисобланган. Ҳамкасбимиз Леонид Сверчков очган Мих қалъаси атрофида эса текислик жой йўқ. Мен фикр билдираётган жой, Бахмал туманидаги шаҳарда катта савдо ярмаркалари ташкил қилиш учун улкан текислик жой бор. Зоминдан чиққан карвон Супа орқали ҳозирги Бахмал қишлоғига, ундан Ўсмат шаҳарчаси орқали Самарқандга кетган. Бу воҳамизнинг энг  қадимги йўлларидан биридир.

Ўрта Осиё арғумоқлари

Уструшонадан Жиззах орқали ўтувчи савдо йўлидан олиб ўтилган асосий товарлар ипак газламалар ва хом ипак бўлган. Хитой ипакнинг юрти бўлиб, Ўрта Осиёга чинни ва чой ҳам экспорт қилган. Яқин Шарқ ва Марказий Осиё жун ҳамда пахта матолар тайёрлашга ихтисослаштирилган, булар Шарқ бўйлаб Хитойга етказилган. Шарқдан қоғоз сотиб олган европаликлар XIII асрда уни мустақил ўзлари тайёрлай бошлашган. Хитой саёҳатчиси Чжан Цянь Ўрта Осиёдан қайтиб Хитойда мавжуд бўлмаган баланд бўйли Фарғона арғумоқлари тўғрисида маълумот олиб келган. Ипак йўлининг бошланғич ривожланиш босқичида Ўрта Осиёдан от билан бирга, жониворлар учун беда уруғини ҳам харид қилишган. Шунингдек, манбаларга кўра, илгари хитойликлар узум ва узум маҳсулотларини умуман билишмаган, савдо йўли орқали уларни ўзлаштирган.

Жиззахдан нималар олиб кетилган?

-Қадим ва ўрта асрларда Уструшона пойтахти Бунжикатдан сўнг иқтисодий жиҳатдан Зомин иккинчи ўринда турган, — дейди МУХТОР ПАРДАЕВ. – Зоминда лалми ва сувли ерлар кўп,катта майдонлар токзор ва ғаллазорларга айлантирилган. Биздан қуруқ мевалар Хитою Европага кетган. Уструшонада, жумладан, Зоминда ва Жиззахда боғдорчилик шу даражада ривожланганки, баъзи серҳосил йилларда улар уй ҳайвонларини ана шу ширин шакар мевалари билан боқишади, дейилган. Жиззах халқи гилам тўқиш, кигиз босиш, жун ва мовутдан газламалар тайёрлаш бўйича омилкор бўлишган ва четга экспорт қилишган. Ўз ўрнида Самарқанд Сўғди, Бухоро, Фарғона ҳамда Тошкент ҳунармандлари ўз маҳсулотларини Жиззах бозорларига олиб келиб сотишган. Жиззах бой шаҳар бўлиб, бу ерларга ҳам  ипак матоси олиб келиб сотилган. Қора рангли шиша идишлар Хитойдан олиб келинган. Қалиятепадан хитой тангаси, Ғаллаорол водийсидан Хитой кўзгулари топилган. Улар диск шаклида бўлиб, бир томонига кумуш қопланган, ушлаш учун нозик дастаси бўлган.

Инқироз даври

XVI асрга келиб баъзи геополитик ва геоиқтисодий факторлар Ипак йўлининг узил-кесил тўхташига олиб келган. Бироқ Ўрта Осиё билан Хитой ўртасида савдо XVIII асргача давом этади. XIX асрнинг ўрталарида Буюк ипак йўли ўз тарихий вазифасини: Шарқ билан Европа тараққиётини бирлаштириш вазифасини йўқотди, Хитой ипаги дунё валютаси роли сифатида ўз аҳамиятини йўқотди.

Кейинги даврларда ҳам Буюк ипак йўлининг фаолияти сусайгани билан савдо тўхтаб қолмаган, — дейди Мухтор ПАРДАЕВ. — Хонликлар даврида Жиззахдаги Тузкондан энг сифатли туз етиштирилган, темир ишлаб чиқарилган. Бу фаолият XIX асрнинг 60-70 йиллари, яъни Туркистонни Россия истилоси давригача давом этган. Истилодан сўнг Бухоро амирлиги, Хива, Қўқон хонлиги билан рус амалдорлари бошчилигида савдо ишлари олиб борилган.

Ўтмиш анъаналари қайта тикланадими?

Бугунги кунда кўплаб давлатлар Буюк ипак йўлини тиклашга уринмоқда, ўтмиш анъаналарини қўллашга интилмоқда. Бу борада ташаббусни ўз қўлига олаётган Ўзбекистон ўз археологик ва архитектура ёдгорликлари билан таништиришга, дунёга юз очишга киришди.  ЮНЕСКОнинг “Буюк ипак йўли — мулоқот йўли” дастури асосида XX асрнинг 90-йилларида Буюк ипак йўли бўйлаб сайёҳлик йўналишлари, археологик ва архитектура ёдгорликлари бўйича улкан қайта тиклаш ишлари амалга оширилди. Республикамиз бўйлаб кўплаб илмий экспедициялар ташкил этилди. Ҳиндистон, Хитой, Ўзбекистон, Шри-Ланка, Японияда Буюк ипак йўлини ўрганиш бўйича махсус институтлар ташкил этилган.

Ўтган йилнинг 9 майида Буюк ипак йўлида жойлашган мамлакатлар ва шаҳарлари тўғрисида Япониянинг “NHK” кинокомпанияси Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистонда махсус ҳужжатли фильмни суратга олиш учун юртимизга ташриф буюрди, — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси Маҳмуда Исматуллаева: -“Поездда саёҳат” номли бу фильм Жиззах темирйўл вокзали, Зомин туячилик фермасида, Пишағор қишлоғида олинди. Уларда миллий урф-одатларимиз, халқимизнинг турмуш тарзи, маданий мероси ўрин олган.

Мазкур фильм учун 45 нафар япониялик меҳмонлар ташриф буюришган. Улар шунингдек, Арнасой туманидаги Айдаркўл сув ҳавзаси, Зомин Миллий боғи ҳудудида бўлишган.

Сайёҳлик салоҳияти

Буюк ипак йўлидаги масканлар — Зомин, Янгиобод, Ғаллаорол Бахмал тумани сайёҳлик ҳудуди ривожланган ҳудудлар ҳисобланади,дейди Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Синдор Қорабоев. — Бу манзилларда тарихий объектларимиз жуда кўп. Вилоятда 372 та туристик мақсадида фойдаланса бўладиган объектлар мавжуд. Шулардан 42 таси зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ҳисобланса, 63 дан зиёди монументал ёдгорликлар, 267 таси археологик объектлардан иборат. Бу йил зиёратгоҳларимиз сони 49 тага етди, илмий таҳлилларга таяниб ўрганиш натижасида қатор янги археологик объектларимиз қўшилди.

Маълумотга кўра, айни дамда Ғаллаорол туманидаги Хонимқўрғон қалъасида “Трансохиана” фирмаси билан ҳамкорликда 29 миллиард сўмлик Янги Хонимқўрғон экотуристик ансамбли лойиҳаси учун тамал тоши қўйилди. АҚШнинг “GMFR International” LLC компанияси президенти Диловар Ғулом билан “GMFR Global Jizzakh” МЧЖ, “Transoxiana-AZT” МЧЖ ўртасида битимлар имзоланди.

Компаниянинг Ғаллаорол туманида кўзда тутилган лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича бизнес-режалар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.

Бу иншоот бир кунда мингга яқин сайёҳларни ўзига қабул қилади. Хонимқўрғон қалъасида Эрон, Туркия, Сурхондарёдан кириб келадиган Афғонистон, Қирғизистон катта йўл трактидан фойдаланиб, мингга яқин йўловчилар шохобчалардан фойдаланиш имкони туғилади. Айни дамгача GMFR Internation al. LLC. АҚШ  ширкати билан ушбу лойиҳа учун бошланғич қиймати 7 миллиардлик шартномалар имзоланиб, яқин кунларда амалга оширилиши режалари тузилган.  “Хонимқўрғон” ва “Очиқ осмон остида”ги музей мажмуасининг лойиҳаларнинг тўлиқ амалга ошириш ишлари 2020 йилда бошланади. Мазкур иншоот археологик жараёнда ҳам сайёҳларни қабул қилиш имконига эга бўлади. Қолаверса, лойиҳа айнан шу жиҳати билан археология соҳасига қизиқадиган Швеция, Германия, Франция, Чехословакиядан ташриф буюрадиган кичик ҳажмдаги меҳмонлар эътиборини жалб этган.

“Тўрткўлтепа”га инвестор керак

Зомин туманида Буюк ипак йўлида жойлашган қатор муҳим карвонсаройлар Тўрткўлтепа, Қоратепа, кўҳна Сабот шаҳристонлари бугун ҳам яхши сақланиб қолган.

1989 йилда Тўрткўлтепанинг илк очилиш жараёнида иштирок этганман, — суҳбатда давом этади Сундор Қорабоев. — Мазкур карвонсарой йўлнинг ёқасида, Жиззах ва Зомин ўртасидаги хушманзара ерда жойлашган. Бир неча зиёратгоҳларнинг кўплиги ҳам унинг қулайлигига мисол. Тарихий манзил бўлган Пишағор ғори, Дўланақудуқ булоқларига яқин. Бу объект очилса, унинг 70, 80 фоизи сақланиб турибди. Қўқонарава кирадиган даворзалари бутун. Охирги қорахонийлар вайрон қилган карвонсаройимиздаги бозор ҳудуди замонавий брусчаткага ўхшаш,  тош плиталари ҳам омон қолган. Саройнинг ўзининг танга зарб қилиш, кулолчилик ва кандакорлик устахоналари, заргарлик, бозордаги ҳунармандлик расталари бўлган. Атрофи хандақлар билан ўралиб, сув юрган. Қадимда Тўрткўлтепани ҳимоя қилиш учун Бош Пишағор  бошланишидаги катта тепаликдан туриб бошқаришган. Ниятимиз бир тадбиркор чиқсада, мана сарой очилишига, унинг тарихий ҳолатини дунёга кўрсатишда бош-қош бўлса, сайёҳлар учун энг гавжум йўналиш ясаган бўларди.

Вилоятда сайёҳликнинг эко ва этно, экстремал турларидан ташқари, агро, гастро туризм каби йўналишлари ривожланмоқда. Агротуризмни ривожлантириш  бўйича Зомин туманидаги “Қаҳрамон” фермер хўжалигига  26 гектарлик ер ажратилган.

Суҳбатлардан ҳам кўриниб турибдики, ҳали Буюк ипак йўли ва унинг манзилларида юмушлар битмаган, мозий қатларида ҳамон тарихимизнинг ёрқин саҳифалари жилоланиб турибди.

Қадимда эллар аро маданият, ғоялар, янгиликларни ташиган бу улуғ йўл бугун том маънода қайтадан янгиланган ва ёшариб бормоқда.

Жиззах Янгиликлари

Похожие записи

Подробно x