Понедельник, Февраль 24

ТОМОРҚАДАГИ БАРАКА

Юртдошларимиз қишлоқ хўжалигида юқори натижани қўлга киритиб келади. Негаки, воҳамизда етиштирилган сархил ноз-неъматларга доим харидор топилади. Айниқса, хорижда талабгорлар кўп. Хуллас, имконият кенг, уни тўғри ишлата билган деҳқон эса ҳеч қачон ютқазмайди.

Вилоятимизда экспортбоп мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштириш учун юқори салоҳият мавжуд. Бу фаолият билан шуғулланувчиларга кўплаб имтиёзлар берилган. Жумладан, Пахтакор туманидаги «Дилором» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ўттиздан зиёд хонадонларда лимон етиштирилиб, юқори ҳосил олинаяпти.

— Юртдошларимизнинг иссиқхонада етиштираётган маҳсулотларини кўриб, оила аъзоларимизда қизиқиш уйғонди. Шу боисдан бир неча йил олдин лимон етиштиришга киришдик, — дейди вилоят «Чорванасл» марказининг Пахтакор тумани бўлими раҳбари  Рустам Қўнишев. — 8 сотих ерда иссиқхона барпо этдик. «Мир» навли серҳосил цитрус кўчатлар олиб келиб, ниҳолларни парваришлаш агротехникасини ўргандик. Кўчатларни «шарбат» усулида суғордик. Учинчи йили лимон дарахтлари ҳосилга кирди. Ҳозирда иссиқхонани 12 сотихга етказдик.

Хонадон эгалари ҳар йили уч марта ҳосил олишга эришмоқда. Томорқадан топаётган даромадлари оила иқтисодини яхшилади. Жумладан, 90 туп лимон кўчати 1,5 тонна ҳосил, оралиқ экинларидан помидор, бодринг, редиска эл дастурхонига тортиқ этилди. 2018 йилда 80 миллион, 2019 йилда 100 миллион сўм даромад олинди. Оила аъзолари жорий йилда бу кўрсаткични 120 миллион сўмга етказишни режалаштиришган.

— Томорқа — барака дегани, — дейди шу ерлик хонадон соҳибаси Дилфуза Исаева. — Оила аъзоларимиз билан 15 сотих майдонда олма, ўрик, анжир, гилос, бодом, лимон кўчатларини парваришлаймиз. Томорқада ишлашнинг даромаддан ташқари тарбиявий аҳамияти катта. Фарзандларимиз меҳнатга меҳр қўйиб, уқувли бўлиб вояга етмоқда. Меҳнат билан топилган неъматнинг қадрига етишаяпти.

Лимон дарахти ҳовлига кўрк берибгина қолмасдан, ҳавони тозаловчи восита ҳамдир. Нафис гуллари асабни тинчлантириш билан бирга инсон кайфиятини кўтаради. Ердан самарали фойдаланиб, Ватанимиз иқтисодини кўтариш бугунги асосий вазифамиз.

— Томорқадан фойдаланиш борасида яратилаётган имкониятлар шаҳар аҳолиси учун қўл келмоқда. «Ҳар бир оила — тадбиркор» давлат дастури доирасида балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик, эчкичилик, қуёнчилик йўналишларидаги тадбиркорлар сафи кўпаймоқда. Акбар Жўраев, Илҳом Жозилов, Лутфулла Жўраев, Бахтиёр Очилов, Жўрақул Ҳайдаровлар иссиқхонада маҳсулот етиштириб, рўзғорларини обод, бозорларни тўкин қилишаяпти.

Жорий йилда туманда 5411 та деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари 511 гектар ерда деҳқончилик қилишди. Бу ерда тўқсонбости экинлар парваришланиб, 13512 тонна маҳсулот етиштирилди. 2102 тоннаси экспортга жўнатилди.