Понедельник, Февраль 24

САНЖАР—ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ КУРАШЧИСИ

 Таиланднинг Паттайя шаҳрида шу йилнинг июнь ойида кураш бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида пахтакорлик Санжар Саидқулов олтин медалга сазовор бўлди. Унинг ғалабаси шарафига давлатимиз байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз янгради.

Санжар 1999 йилда Фориш туманида туғилган. Унинг оиласи Пахтакор туманига кўчиб келгач, Санжар ўзидан катта ёшдаги болалар билан туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қатнай бошлади. Кундан-кунга курашга ҳаваси алангаланди. Лекин уни ёши кичик бўлгани учун кураш тўгарагига олишмади. 1-сонли мактабнинг 3-синфида ўқиб юрган кезлари спорт мактабининг мураббийи Солижон Бобоев ундаги иқтидорни кўра билди.

Ёш спортчи 2009 йилда ўзининг дастлабки катта ютуғига эришди, яъни Зафаробод туманида бўлган очиқ биринчиликда олтин медални қўлга киритди. Кейинчалик у вилоят биринчиликларида, республика турнирларида совриндор бўлди. 2011 йилда иқтидорли курашчи Андижон шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган республика чемпионатида 33 килограмлик вазн тоифасида иккинчи ўринни эгаллади. Илк бор республика биринчилигида қатнашган ёш спортчи учун бу катта натижа эди.

Унинг шоҳсупанинг энг юқори поғонасини эгаллаш орзуси ўша йили Тошкентда 1996-1998 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ушалди. Шундан сўнг Санжар республика чемпионатларида 14 марта, Ўзбекистон кубоги мусобақаларида 3 марта ғолиб бўлди. Кураги ерга тегмаётган полвон Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийлари эътиборини тортди. Мана 6 йилдирки, истеъдод эгаси терма жамоа сафида кўплаб нуфузли мусобақаларда иштирок этиб келаяпти.

—Шогирдларим орасида ўзининг тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги билан ажралиб турарди, —дейди Санжарнинг устози, вилоят яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг мураббийи Солижон Бобоев.—У иродали спортчи. Қийинчиликлардан чўчимайди, мағлубиятдан тўғри хулоса чиқаради. Ўтган йили ёшлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 55 килограмлик вазн тоифасида ғолиб бўлганди. Соҳил кураши бўйича эркаклар ўртасида 2-ўринни эгаллаган. Осиё чемпионатида нафақат чемпион бўлди, балки кўпчилик мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлиб, йилнинг энг яхши курашчиси номинацияси бўйича ҳам ғолиблик унга насиб этди. Унинг бунданда юқори натижаларга эришишига ишонаман ва унга омад тилайман.

—Таиланд давлатида бўлиб ўтган Осиё чемпионати ҳаётимда ёрқин из қолдирди, —дейди Санжар. —Мазкур турнирда Осиё қитъасидаги барча давлатлардан кўплаб кучли курашчилар иштирок этишди. Мен Жанубий Корея, Вьетнам, Таиланд давлатларининг вакилларини енгиб, финалга йўлланма олдим. Финалда Хитой-Тайпейидан келган курашчи билан беллашдим. Кучли ҳаяжон ва катта масъулият кучимга куч қўшди. Рақибимни 13 сонияда мағлуб этдим. Уни даст кўтариб, курагини ерга теккиздим.

Мусобақа кунларида терма жамоамиз бош мураббийи Шуҳрат Арслонов билан маслаҳатлашиб, йўл қўяётган камчиликларим устида ишладик, тенгдошларим билан тажриба алмашдик. Бир сўз билан айтганда, маҳоратимни оширишга интилдим. Бу ютуқ мени янги ғалабаларга руҳлантирди. Ўзимга ишончим ортди. Спортда эришган ютуқларимда албатта устозларимнинг машаққатли меҳнатлари бор. Улардан миннатдорман. Келгусида олимпия ўйинларида ва жаҳон чемпионатида қатнашиш ниятидаман.

2019 йил Осиё чемпиони учун омадли келди. У Мустақиллик байрами арафасида Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институтининг жисмоний маданият факультетига имтиёзли асосда ўқишга қабул қилинди. Янги йил байрами арафасида Жиззах шаҳрида катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ёш спортчи 60 килограмлик вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлди.

Бугунги кунда ёш спортчи Ўзбекистон терма жамоаси сафида нуфузли халқаро мусобақаларда қатнашиш учун тинмай машқ қилаяпти. Омад ёр бўлсин, Санжар!