Понедельник, Февраль 24

ОЗОД ЮРТНИНГ ОБОД МАНЗИЛЛАРИ

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурларида белгиланган эзгу ишлар кўламининг кенг қулоч ёяётганлиги  халқимизнинг турмуш маданиятини ошириб, фаровонлигини юксалтираётир. 2019 йилда амалга оширилган эзгу ишларнинг кўлами 2018 йилга нисбатан анча кенгайди. Бу халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириб, кайфиятини яна ҳам кўтариб юборди.

“…Агар биз қишлоқларни обод қилсак, у ердаги халқнинг кайфияти ўзгаради, ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади, қишлоқлар иқтисодий юксалади”. Президентимизнинг ана шундай даъвати асосида Манасдан  бошланган эзгу ишлар  бугун бутун юртга ёйилди. Айни дамда вилоятимизнинг қайси бир туманига борманг “Обод марказ” дастури доирасида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўласиз. Юртбошимизнинг 2019 йил 30-31 январь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқлари ана шундай хайрли ишларга кенг йўл очди. Барча туман марказларида Гагарин шаҳри намунасида инсонни ҳайратлантирадиган, дилда фахр, ифтихор уйғотадиган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

2019 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларига асосан вилоятимиздаги 189,1 минг аҳоли яшайдиган 36 та қишлоқ ва 4 та  маҳаллада 458 миллиард сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.  23 минг 26 та ҳовли жойлар, 405 та кўп қаватли уйлар, 139 та ижтимоий соҳа объектлари (жумладан, 66 та мактаб, 37 та мактабгача таълим, 20 та соғлиқни сақлаш муассасалари ва 16 та бошқа объектлар) таъмирланди. 147,5 километр ичимлик суви, 389,5 километр ички йўллар, 356,1 километр электр ва 15,5 километр табиий газ тармоқлари таъмирланиб, реконструкция қилинди.

—Амалга оширилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари замирида олижаноб халқимиз манфаати ётганлиги аҳамиятлидир,—дейди меҳнат фахрийси “Дўстлик” ордени соҳиби Абдуллажон Қаршибоев. —Янгиланаётган қишлоқ ва маҳаллаларни, кўча ва хиёбонларни кўрган киши беихтиёр ич-ичидан қувонади. Президентимизнинг “Хароб ва файзи йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка ишончи ҳам бўлмайди”,—деган пурмаъно сўзлари  кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш  ишларида намоён бўлди.

Дарҳақиқат, бугун қайси туманга борманг, ободонлаштириш ва қайта қуриш ишлари жадалликда давом этаётганлигига гувоҳ бўласиз.  “Обод марказ” лойиҳаси доирасидаги қурилиш, таъмирлаш ишларининг миллий меъморчилик анъаналари асосида олиб борилаётганлиги бино ва иншоотларга ўзгача чирой бахш этаётир.

Қувонарли томони шундаки, 2018 йилда вилоятимиздаги 29 та қишлоқнинг меъморий қиёфаси тубдан янгиланган бўлса, 2019 йилда 11 та туман маркази шаҳар қиёфасини олди. Жами 40 та фуқаролар йиғинларида йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи қондирилди.

—Туманимиз маркази—“Зафаробод” шаҳарчаси қисқа фурсатда таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди,—дейди ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти мувофиқлаштириш бўйича Зафаробод туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Яхшибой Тўйчиев. —“Обод марказ” лойиҳаси  доирасида  Бўстон маҳалласидаги маданият маркази мукаммал таъмирланиб, халқимизнинг мароқли дам олиб, кўнгилли ҳордиқ чиқарадиган жойига айланди. Янгидан Хотира майдони барпо этилди. Алишер Навоий хиёбони янгича тус олди. “Агробанк”нинг  туман филиали биноси ва бандликка кўмаклашиш маркази қурилиб, ишга туширилди. Энг муҳими ободонлаштириш ва қайта қуриш ишлари ҳозир ҳам зарррача сусайгани йўқ.

Вилоятдаги ҳар бир туманнинг замонавий архитектура меъёрлари асосидаги бош режаси ишлаб чиқилди. Унга асосан ижтимоий соҳа, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, маъмурий бинолар ва бошқа иншоотлар  замонавий шаҳарсозлик ва меъморчилик талабларига мос тарзда қайта қурилмоқда. Марказий кўчалар кенгайтирилаётир. Мазкур тадбирлар вилоятимизнинг энг чекка тумани Янгиобдда ҳам қизғин тус олган.

Туманда “Обод марказ” дастури доирасида Хотира майдони, Нуронийлар маскани,  истироҳат боғи, давлат хизматлари маркази, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, туман молия бўлими, 70 ўринли болалар боғчаси, 100 ўринли тикувчилик цехи ҳамда лойиҳа қиймати 1,9 млрд. сўмлик тиббиёт бирлашмаси,  тез тиббий ёрдам, туғруқ бўлимлари бинолари қурилиб, ишга туширилди.

Бундай хайрли ишлар нафақат  Зафаробод ёки Янгиобдда, балки вилоятимиздаги барча туманларда давом этаётир.  2020 йилда ҳам  вилоятимизда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурлари доирасидаги ободонлаштириш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари  кўлами янада кенгайяди.    Саноат корхоналари сони кўпаяди. Бу қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради. Бир сўз билан айтганда яқин келажакда  вилоятимиздаги барча қишлоқ ва маҳаллалар, туман марказлари ҳар жиҳатдан обод ва кўркам гўшага айланади.