Понедельник, Февраль 24

ДУНЁГА ЮЗ ОЧАЁТГАН ЮРТ

Мамлакат иқтисодиётига ўзининг сезиларли ҳиссасини қўшаётган сайёҳлик соҳаси тобора тараққий топиб бораяпти. Юртимизда ҳам тизимга бўлган юксак эътибор туфайли йилдан йилга хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сони кўпайиб бормоқда. Жиззахда 2020 йилда қандай янгиликлар бўлиши кутилаяпти? Биз вилоят Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси маркетинг бўлими бошлиғи Шоҳруҳ  АБДИМУРОДОВга шу каби саволлар билан мурожаат қилдик.

—Жиззахнинг сайёҳлик қуввати қандай ва ўтган йилда қанча сайёҳларга хизмат кўрсатилди?

— Вилоятимизда 372 та маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган. Уларнинг 42 таси тарихий обида ва зиёратгоҳлар бўлса, 267 таси археология, 63 таси монумент ёдгорликлари ҳисобланади. 2019 йилнинг декабрь ойи якунига кўра,  91 та жойлаштириш воситалари мавжуд бўлиб, 2500 дан ортиқ меҳмонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Улардан  33 таси 1149 ўринли меҳмонхона, 45 таси  391 ўринли меҳмон уйлари, 13 таси сиҳатгоҳ, иккитаси кемпинг ва ўтов, 85 ўринли оромгоҳлар, беш нафар туроператорлик субъектларидир. Хорижликлар кўп келувчи ҳудудларда тўртта ахборот марказлари ташкил этилди. 2019 йил якунига қадар, 11 минг 734 нафар чет эл фуқароларига хизмат кўрсатилди.  Улар Жанубий Корея, Франция, Германия, Туркия, Россия Федерацияси ва МДҲ  давлатлари, Хитой, Молдавия, Америка, Бельгия давлатларидан ташриф буюришган.

—Меҳмонхона уйларни ривожлантиришда қандай ишлар амалга оширилди?

—Ўтган йилларда 38 та 336 ўринли меҳмон уйлари, 445 ўринга эга бўлган учта жойлаштириш воситалари яратилди. Улар 250 ўринли сиҳатгоҳ, иккита 95 ўринли меҳмонхоналардан иборат. Зомин, Фориш ва Бахмал туманларида 18  кунлик ўқув семинарлар давомида 120 нафар хонадон вакиллари қатнашиб, махсус сертификатларга эга бўлишди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини  амалга ошириш тўғрисида“ги  Қарори ижросини таъминлаш мақсадида меҳмон уйлари сонини кўпайтириш учун Зомин туманида 20 нафар тадбиркорларга 412 миллион 900 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.  Шароф Рашидов, Фориш, Мирзачўл, Бахмал, Ғаллаорол туманларида 30 дан ортиқ тадбиркорларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилди.

—Туризм инфратузилмасини ривожлантириш, хорижий сармояларни жалб этиш тўғрисида нималарни айта оласиз?

—2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида 29 та молиявий лойиҳалар амалга оширилди. Хорижий инвестицияларни жалб қилиш юзасидан қатор ишлар бажарилди. Жумладан, 19 июнда Эрон  Ислом  Республикасидан Муҳаммад Розиқий ташриф буюриб,  мавжуд лойиҳалар билан танишди. Хорижий сармоядор Зомин тумани, Пишағор МФЙ ҳудудидаги “Чопон” фермер хўжалигининг сайёҳлик масканига қизиқиш билдирди.  Шу ойда Россия Федерациясининг “Империя” компанияси раҳбари Саидкамол Муҳиддинов билан учрашилиб, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг лойиҳалари тақдим этилди. Хорижий инвестор тумандаги “Одилбек олтин балиқ” экотуризм мажмуасига эътибор қаратди. 3-4 июль кунлари вилоятга АҚШ ишбилармонларидан бири, “GMFR Global” компанияси вакили Д.Ғулом ташриф буюрди. Бу  хорижий корхона 4 та лойиҳа учун 37,0 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ киритишни режалаштирган. Меҳмон Ғаллаорол туманидаги “Бибихоним қўрғонлари” лойиҳасининг очилиш маросимида иштирок этди.

Шу йили Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти делегацияси ҳам ташриф буюрди. Улар билан ҳамкорлик қилиш, ҳар иккала вилоятларга тур экскурсиялар ташкил этиш юзасидан келишиб олинди. Жорий йилнинг 29-30 август кунлари шаҳримиздаги ёшлар инновация марказида Халқаро инвестиция форуми ўтказилди. Туркия давлатининг “Идеалист” компанияси томонидан Зомин туманидаги Суффа маскани ҳудудидаги шаҳарча лойиҳаси намойиш этилди.

—Сайёҳликнинг махсус турларини йўлга қўйиш тўғрисида маълумот бериб ўтсангиз.

—Вилоятдаги мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланиш  ва бу соҳани ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини янада ошириш мақсадида иккита фермер хўжаликлари танлаб олинди. Булар — Бахмал туманидаги боғдорчилик билан шуғулланувчи “Агронатурал инвест” ва Шароф Рашидов туманида жойлашган “Турдибек” фермер хўжалиги агротуризм марказидир. Бундан ташқари, 1-6 август кунлари Ғаллаорол туманида “Халқаро спорт туризми” фестивали ташкил этилди. Осиё кубогига 6 та давлат — Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Беларус ҳамда Қирғизистон давлатларидан иштирокчилар ташриф буюришди. Спорт туризми бўйича Осиё кубоги кейинчалик Бахмал туманида доимий ўтказилишига келишиб олинди. Шунингдек, “Олтин куз-2019” халқаро агротуризм фестивали, “Ҳиндистон миллий либослари кўргазмаси”, “Қадриятлар қадрланган юрт!”,“Жиззах халқаро маданият фестивали”,“Меҳмон уйларида миллий ҳалқ рақслари” тадбирлари ўтказилди. Июль, август ойларида Зомин, Бахмал ва Фориш туманларидаги меҳмон уйларида сайёҳлар учун маҳаллий фольклор жамоаларининг чиқишлари ташкил этилди.

—2020 йилда Жиззахда қандай янгиликлар бўлиши кутилмоқда?

—Бугунги кунга қадар вилоятда учта махсус ҳудуд ташкил этилмоқда. Булар —Ғаллаорол туманидаги Хонимқўрғон археологик ёдгорлиги ёнида “Транс оксиана” МЧЖ томонидан қиймати 29 миллиард сўмлик ҳудуд ва Шароф Рашидов туманидаги “Барқарор ривожланиш” МЧЖ мева ва сабзавотлар етиштириш, қайта ишлаш корхонаси, яна бири Суффа маскани билан боғлиқ ҳудуд ҳисобланади.

2020 йилнинг I-чорагида бешта истиқболли лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилган. Вилоятда алоҳида веб-сайт яратилади.  “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида мамлакат бўйлаб саёҳатлар ташкил қилинади. Бу ерда агро, зиёрат ва этно, шунингдек, таомлар туризми йўналишларини ривожлантириш бўйича ҳудудларда тадқиқотлар ва тарғибот тадбирлари амалга оширилади. Жиззах — этносайёҳлик йўналишидаги салоҳияти бўйича алоҳида аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади. Бундан унумли фойдаланиш мақсадида 2020 йилнинг февраль ойида миллий либослар кўргазмаси, “Баҳор тароналари” фестивали ўтказилади.  2020 йилнинг февраль ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказиладиган “EMITT” халқаро туризм кўргазмасида вилоятимиз вакиллари иштирок этишади.

Шаҳримиздаги учта кўчага “туризм кўчаси” мақомини бериш орқали эсдалик совғалари дўконлари, қаҳвахона, ресторан, чойхоналар, «эркин» рассомлар, артистлар ва ҳунармандлар учун махсус жойлар, шунингдек, маҳаллий ва чет эллик сайёҳларни жалб қиладиган бошқа жозибадор масканлардан иборат кўчалар шакллантирилади.

Туркия давлатининг “Идеалист” компанияси билан 20 йиллик лойиҳа тузилган. Зомин туманида 2020 йилда санаторийдан то Суффагача 100 кишилик арқон йўли ўтказилади. Стадион, мини стадион, овқатланиш шаҳобчаси, меҳмонхона, сайёҳлик масканлари қурилади. Бу ерда чет элдаги катта мусобақаларнинг ўтиши, машҳур жамоалар таклиф қилиниши мўлжалланган. Ҳозирда сармоядорларни жалб этиш ишлари бораяпти. “Халқаро таомлар фестивали”ни ҳам шу ерда ўтказишга розилик билдирилди. Вилоятда 29-30 август кунлари ўтказилган инвестиция форумида Хитой ва Германия давлатлари корхоналари  билан умумий қиймати 800,0 миллион АҚШ долларига тенг меморандумлар имзоланди.

Айни пайтда Жиззах шаҳри ҳудудида янгидан барпо этилаётган кўп қаватли турар жой биноларининг олтитасини  меҳмонхоналарга алмаштириш ишлари олиб борилаётганлигини ҳам таъкидлаш лозим.