Понедельник, Февраль 24

Тошкентга саёҳат

Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят кенгаши вилоят хокимлиги ҳамкорлигида 100 нафар фаол ёшларнинг пойтахтимиз Тошкент шаҳрига саёҳатини ташкил қилди.

Ёшларнинг пойтахт бўйлаб саёҳатлари халқимизнинг атоқли адиби Абдулла Қодирий музейи билан  танишишдан бошланди.

Президентимиз ташаббуси билан ўтган йилнинг сўнгги кунларида  Тошкент шаҳрининг Самарқанддарвоза кўчасидаги ижодкор яшаган хонадонда Абдулла Қодирий уй-музейи  очилиши мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Бу қутлуғ  маскандан ёзувчи-шоирлар, адабиёт мухлислари, маданият ва санъат намояндалари, музейшунослар, кенг жамоатчилик вакилларининг қадами узилмаётир.

Ёшлар  Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди акс эттирилган музей экспонатларини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кўришди. Музей илмий ходимларининг адиб хақидаги маълумотлари ўзбек романчилигининг асосчиси, ватанпарвар адиб Абдулла Қодирий хотирасига ёшларнинг ҳурмат ва муҳаббатларини янада оширди.

Музей биносидаги «Турон» кутубхонаси ҳам ёшларда катта таассурот қолдирди.

Тошкент бўйлаб саёҳат давомида ёшлар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида ҳам бўлишди. Ташриф давомида улар улкан тарихий аҳамиятга эга музей экспонатлари билан танишдилар.

Саёҳат давомида Тошкент шаҳрининг бошқа диққатга сазовор жойлари, хусусан, «Тошкент сити» билан танишув ёшларга завқ бағишлади.

— Ушбу саёҳатни  ташкил этиш ташаббуси вилоят ҳокимининг ёшлар билан учрашувида маъқулланган эди, — дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят волонтёрлар мактаби бош волонтёри Фарзона Одилова. — Бу саёҳат биз учун фақат кўнгилли дам олиш эмас, ажойиб маънавий тадбир бўлди. Ёшлар учун айнан шундай саёҳатлар жуда фойдали, деб ўйлайман.