Понедельник, Февраль 24

Юксакназар инсонлар замини

Муборакхон Юнусхўжаева 1933 йил 20 декабрда Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида таваллуд топган. 1952 йилда мактабни олтин медаль билан тугатгач, Тошкент вилоятидаги Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Миллий университет)га имтиҳонсиз қабул қилинди.

Университетда аъло баҳоларга ўқиб, ўша даврдаги энг нуфузли ҳисобланган давлат стипендиясини олишга сазовор бўлди. Жамоат ишларида ҳам фаоллик кўрсатиб, аввал факультет, сўнг университетнинг бошланғич комсомол комитети (ҳозирги ёшлар иттифоқи) фаолиятини бошқарди. 1953 йилда ёшлар вакили сифатида, Москвага «Бутуниттифоқ тинчлик» конференциясига, 1956 йилда Чехословакия пойтахти Прагада ўтказилган бешинчи Жаҳон талабалари конгрессига делегат этиб сайланди.

1957 йилда университетни имтиёзли диплом билан тугатган Муборакхон олийгоҳ комиссиясининг тавсияси билан аспирантурага қабул қилинди. 1964 йилда Туркистонда ер-сув масалалари мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илмга чанқоқ, меҳнатсевар, мақсад сари интилувчан ёш олима Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтига кичик илмий ходим лавозимига ишга таклиф этилди. У институтнинг «Шарқ ҳужжатлари» бўлими раҳбарининг ўринбосари сифатида фаолият бошлади.

— Ҳаётимни мазмунли мақсадларга боғладим, — дейди биз билан суҳбатда Муборакхон она. — Қанчалик уддаладим, буни вақт кўрсатади. Ўзлигимни англашга, англаган сарим муносиб бўлишга ҳаракат қилдим. Истардимки, шарафли тарихимиз, буюк аждодларимиз ва улар яратган юксак маънавият, маданият ҳақида билиш ҳамда ёшларга уқтириш ҳар биримизга ҳам фарз, ҳам қарз эканлигини унутмайлик.

Қаҳрамонимиз Мустақилликнинг илк йилларида Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитасида аввал раис ўринбосари, сўнг раис лавозимида ишлади. Шу билан бир қаторда 1993-1995 йилларда Миллий университетнинг шарқшунослик факультетида талабаларга Ўзбекистон тарихидан сабоқ берди. Олима дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларида бўлиб, жаҳон халқлари ҳаёти, турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари ва қадриятларини ўрганиб, халқ дипломатиясини кенг тарғиб қилишга ўз ҳиссасини қўшди. Истеъдоди ва билимини миллатлараро тотувлик, дўстлик, бағрикенглик, тенглик ришталарини боғлашдек хайрли ишларга сафарбар этди. Шу боисдан онахон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар кенгаши қошидаги «Фаол аёллар» давраси етакчисининг ўринбосари ҳамда «Ўзбекистон-Италия», «Ўзбекистон-Қирғизистон» каби дўстлик жамиятларининг аъзоси саналади.

Онахоннинг «Афғонистон хотин-қизлари», «Фан ҳақида суҳбатлар», «Ўзбекистон хотин-қизларининг фан, маданият ва санъат тараққиётидаги ўрни», «Тошкентнинг фаол аёллари» каби 10 дан ортиқ рисола, 100 дан ортиқ мақола ва монографиялари нашр этилган. Ўз бахту роҳатини, фароғатини одамлар орасида, деб билган Муборакхон она ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланиб, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига ҳамда «Эл-юрт ҳурмати» орденига сазовор бўлган.

Айни дамда республика «Нуроний» жамғармаси қошидаги «Оилада бувижонлар мактаби»нинг раиси сифатида фаолият юритмоқда. Жорий йилда Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида, Наманган вилоятининг Чортоқ, Тўрақўрғон ва Наманган шаҳрида ташаббускор бувижон иштирокида қатор тадбирлар ташкил этилди. Унда нуроний онахонлар, келинлар, маҳалла фаоллари, институт ва лицей талабалари иштирок этди. Асосий мавзу ёшларни турмушга тайёрлаш, уларнинг маънавиятини ошириш, мутолаага қизиқтириш ва ёшларни турли салбий оқимлардан асрашга қаратилди.

— Энди Жиззахга бормоқчимиз, — дейди «Оилада бувижонлар мактаби» раиси М.Юнусхўжаева. — Оила инсон ҳаётининг биринчи мактаби, жамиятнинг асосий бўғинидир. Ҳар бир инсон тоза қалб, холис юрак, комилликка эҳтиёж билан дунёга келади. Бироқ турли шароитдаги оилаларда тарбия олиб улғайганликлари сабабли баъзиларнинг ҳаётга салбий қарашларидан кўнглимиз ғаш тортади. Шу сабабдан келажак авлод вакилларининг комил инсон бўлиб тарбияланишида нуронийларнинг ролини оширишни мақсад этдик.

Қаҳрамонимиз фикрларини қуйидаги самимий сўзлар билан якунлади:

«Мен жиззахликларни яхши кўраман. Жиззахда набиралари Президент бўлган бувижонлар бор. Кўп давлатларда сафарда бўлдим, турли миллат вакиллари билан ишладим. 87 ёшимдаги хулосам билан айтмоқчиманки, Жиззах халқи мағрур, элпарвар, олийжаноб, юксакназар инсонлар замини, десам муболаға бўлмайди».