Понедельник, Февраль 24

Спорт — ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлаги

Юртбошимиз раҳнамолигида ёшларни соғлом ва баркамол бўлиб улғайиши, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, спорт билан мун-тазам шуғулланишлари учун барча  шароитлар яратиб берилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг беш ташаббусидан бири навқирон авлод вакилларини спортга жалб этиш ишлари жадал давом этаяпти. Бу иш умумтаълим мактабларида кенг қулоч ёймоқда.

Шароф Рашидов туманидаги 13-сонли мактабга борганимизда ўқувчилар ўртасида волейбол мусобақаси бўлаётган экан. Мактабнинг жисмоний тарбия фани бўйича услуб бирлашмаси раҳбари Йўлдош Бозоров бизни илиқ қарши олди.

— 1986 йилдан буён ёшларга сабоқ бериб келаяпман. Шу пайтгача спортга бунчалик катта эътибор берилмаган эди. Юртбошимиз барча ёшларни спортга ошно қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Беш ташаббус бўйича алоҳида режа тузиб, иш юритаяпмиз. Мактабимизда ўндан ортиқ спорт тўгараклари очдик. Кураш, стол тенниси ва бадминтон тўгаракларига ўзим раҳбарлик қилаяпман. Шогирдларимнинг эришаётган ютуқларидан қувонаман. Яқинда бадминтон бўйича вилоят биринчилигида Х.Мамасолиев олтин, К.Усмонов кумуш, Е.Хусанова бронза медалларини қўлга киритишди.

— Спортнинг бадминтон тури билан беш йилдан буён шуғулланаман, — дейди 11-синф ўқувчиси, вилоят чемпиони Хондамир Мамасолиев биз билан суҳбатда. — Биринчи мураббийим Шуҳрат Йўлдошев. Айни пайтда мен Йўлдош Бозоров мураббийлигида машғулотларда қатнашаяпман. Яқинда Бухорода ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида иштирок этдим. Устозим жуда талаб-чан, менга бадминтоннинг сиру асрорларини қунт билан ўргатаяпти. Келгусида республика чемпиони бўлиш орзусидаман. Кейинчалик Тошкентдаги жисмоний тарбия институтига ўқишга кириб, мураббийлик касбини эгалламоқчиман.

Устоз педагог 30 йиллик фаолияти давомида кўплаб чемпионларни тарбиялаган. У дастлаб Арнасой туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида  самбо ва дзюдо тўгаракларига раҳбарлик қилган. 1998 йилда Жиззах тумани кураш федерациясининг ижрочи директори лавозимида ишлади. Шу билан бирга кураш тўгараги ташкил этди. Шу йиллар мобайнида шогирдларининг 15 нафари спорт усталигига номзод бўлди, 18 нафари биринчи даражали спортчи талабларини бажарди. Уларнинг 6 нафари мураббийлик касбини ардоқлаб ишлаб келаяпти.

Бугунги кунда Йўлдош ака мактабнинг услуб бирлашмаси раҳбари сифатида ёш жисмоний тарбия ўқитувчиларига устозлик қилаяпти. Унинг бевосита бошчилигида Алишер Абдуқодиров гандбол, Бекзод Фозилов волейбол, баскетбол, Нуриддин Қурбонов футбол, Зарифа Холмўминова шахмат-шашка, Саҳоб Қудратов енгил атлетика тўгаракларига кўплаб ўқувчиларни жалб қилиб, қўшимча гуруҳлар ташкил этишди.

— Мактабимизда 1400 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади, —дейди тажрибали мураббий. —Уларнинг деярли барчаси жисмоний тарбия билан шуғулланади, спорт тўгаракларига қатнайди. Келгусида мактабимизда таэквандо, бокс тўгараклари ташкил этиш ниятидамиз. Бундан ташқари, синфлар ўртасида турли мусобақалар ташкил этишни мўлжаллаяпмиз.

Хуллас, мактабда  ёш авлоднинг баркамол ривожланиши учун барча шароитлар яратиб берилаяпти. Йўлдош ака бош жисмоний тарбия ўқитувчилари бўлажак чемпионларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратишмоқда.