Понедельник, Февраль 24

Санъатимиз сарҳадларидан садолар

Пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида Ўзбекистон давлат филармониясининг Жиззах вилоят бўлинмаси ҳисобот концерти бўлиб ўтди.

Миллий мусиқа санъатининг равнақи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Айни пайтда анъанавий ва академик мусиқа ҳамда рақс санъатини ривожлантириш, ижрочиларнинг касб маҳоратини ошириш ва иқтидорли ёшларни аниқлаш учун шарт-шароитлар, имкониятлар яратилган, мусиқа ижрочилари ва рақс жамоалари ижодини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш таъминланмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги «Ўзбекистон давлат филармонияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бадиий жамоалар ва оркестрларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, миллий санъатимизни оммалаштириш, халқимизнинг маънавий савиясини ошириш, ўсиб келаётган авлодни мусиқа-эстетик жиҳатдан тарбиялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда миллий, мумтоз ва замонавий санъатни тарғиб қилишда янгидан-янги вазифаларни қўймоқда. Халқимизнинг миллий, мумтоз, замонавий мусиқа ҳамда рақс санъатини илғор анъана ва ютуқлар асосида янада ривожлантириш, аҳолининг мусиқа ва рақс санъатига бўлган қизиқишини, дунёқарашини концерт-ижрочилик ишлари, мусиқий-маърифий кечаларни ташкил этиш орқали янада ривожлантириш филармония фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди.

Бугунги кунда ўз сафида кўплаб бадиий жамоаларни бирлаштирган филармониянинг мамлакатимиз ҳудудларида ҳам филиаллари муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Ижодий тузилманинг Жиззах вилояти бўлинмасининг фаолияти бунга ёрқин мисолдир.

– Бўлинма таркибида 80 дан ортиқ ижрочи, хонанда ва созанда фаолият кўрсатади, – деди Ўзбекистон давлат филармонияси Жиззах вилояти бўлинмаси директори ўринбосари Муҳаммаджон Ёқубжонов. – Ўтган йили Термиз шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалида, Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасидаги концертлар, маданий-маърифий тадбирларда қатнашдик. Шу билан бирга, Болгария, Грецияда концерт намойиш этдик. Мусиқий дастурларимиз асосан жонли ижрода бўлгани учун мухлислар ҳамиша концертларимиздан мамнун.

«Санъатимиз сарҳадларидан садолар» деб номланган жонли ижродаги концерт дастури мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ноёб овоз, фавқулодда истеъдод соҳиблари борлигини яна бир карра намоён этди. Концертда Ватанимиз, истиқлолимиз, миллий анъана ва қадриятлар, осуда, фаровон ҳаётимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар, гўзал рақслар ижро этилди.