Понедельник, Февраль 24

Натижалар яхши, режалар ҳам улкан

2019-2020 йилларда вилоятимизда умумий қиймати 23,1 трлн.сўмлик 864 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши белгиланган. Унинг 3,6 трлн.сўмлигини тижорат банклари кредити, 1,8 млрд. долларини хорижий инвестиция ташкил этади. Амалга ошириладиган лойиҳалар натижасида  28 839 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Вилоятимизда хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, техник-технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан вилоятимизда ўтган йили 16 та хорижий инвестиция иштирокидаги лойиҳалар дастури ишлаб чиқилган эди. Дастурга кўра 2019 йилда 72,2 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши белгиланганди.

Президентимизнинг ўтган йилнинг 8 апрелида ўтказган видеоселектор йиғилишидан кейин вилоятда хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар дастурига ўзгартириш киритилиб, 2019 йил якунига қадар 354,6 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши юзасидан «йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига амалга оширилиши белгиланган инвестиция лойиҳаларининг аксарияти саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилди.

—Бугунги кунда вилоятимизда иккита —»Жиззах»  ЭИЗ ва «Зомин-фарм» эркин иқтисодий зоналари фаолият кўрсатмоқда, —дейди вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Азим Ахмедхаджаев. —Бу эркин иқтисодий зоналарда хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар учун қулай шароит ва имко-ниятлар яратилган. Шуни таъкидлаш керакки, вилоятимиз замини олтин, мис, вольфрам, қўрғошин, руҳ, оҳак, мармар, силикатлар ва бошқа фойдали қазилмаларга бой. Бу инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар учун  имкониятлар эшигини яна ҳам кенгроқ очади.

Шуниси эътиборлики, вилоятимизда инвестицияларни жалб қилиш имконияти  мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларга қараганда анча юқори. Бу борада эришилаётган ютуқлар саноат корхоналари фаолияти мисолида кўзга ташланиб турибди. Масалан, «Beek elektro», «Roison Home White Goods», «Auto Pad Sustems», «Ming Yuan Silu Industru», «Ekoklimat»   каби хорижий корхоналар фаолияти бунга яққол мисол бўла олади.

—2019 йилда олиб борилган изчил ҳаракатлар натижасида 207 та ҳудудий лойиҳалар доирасида жами 386,4 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди, —дейди вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суннатулла Мирзақобилов. — Натижада белгиланган чора-тадбирлар режаси 109   фоизга бажарилди. Бу 2018 йилдагига нисбатан 8,5 баробарга кўпдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити шакллантирилган бўлиб, хорижий инвесторлар капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар учун қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар тизими яратилган. Юртимиз солиқ қонунчилигида тўғридан-тўғри жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 300 мингдан 3 миллион АҚШ долларгача бўлганда — 3 йил, 3 миллиондан 10 миллион АҚШ долларгача бўлганда — 5 йил, 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда эса 7 йил муддатга солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тартиби белгиланган.

—Тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритган корхоналар инвестиция ҳажмидан келиб чиқиб, фойда, мулк, ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этилган, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси ташқи савдо операциялари устидан мониторинг қилиш шуъбаси бошлиғи Элёр Ибрагимов. —Мазкур имтиёзлар туфайли олинган даромаднинг камида 50 фоизи корхонани қайта инвестициялашга йўналтирилиши  мумкин. Бу эса тадбиркорнинг имкониятлар кўламини янада кенгайтиради.

Шуни таъкидлаш жоизки, амалга оширилган изчил чора-тадбирлар натижасида 2019 йилда вилоятимизда умумий қиймати 2,2 трлн.сўмлик маблағлар ўзлаштирилди. Шунинг ҳисобига 468 та инвестиция лойиҳалари фойдаланишга топширилди. Бу 7 минг 241 та янги иш ўринлари яратиш имконини берди. Асосий эътибор саноатни ривожлантиришга қаратилди. Мазкур йўналишда 2020 йилда умумий қиймати 14,9 трлн. сўм бўлган 257 та лойиҳалар ишга туширилиб, 15 минг 921 та янги иш ўринлари яратилди.

Ана шундай корхоналардан бири — Бахмал туманидаги «Baxmal juice master» масъулияти чекланган жамиятидир. Корхона жамоаси томонидан «олма ва олча маҳсулотларини қайта ишлаш (концентрат)ни ташкил этиш» лойиҳаси  амалга оширилди. Қисқа фурсатда  44,9 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилди. 2019 йилнинг 5 декабрида ишга туширилган лойиҳа натижасида 60 та янги иш ўринлари яратилди.

…Жиззах шаҳрида кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунинг учун бу ерда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш керак. Ана шунда қурилаётган биноларнинг нархи арзон тушади, —деган эди Президентимиз ўтган йили Жиззах шаҳрига ташрифи чоғида.

Юртбошимиз таклифи ва топшириқларидан сўнг вилоятда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Бугунги кунда оҳак, цемент, тозаланган шағал, керамика ва гранит кошинлар, ҳар хил ўлчамдаги полипропилен қувурлар, аксессуарлар, иссиқлик сақловчи стекловаталар, композит арматуралар, швеллерлар, профиллар, кенг ассортиментдаги ойна маҳсулотлари ва бошқа кўплаб қурилиш учун ўта зарур бўлган материаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда вилоятимиз улкан қурилиш майдонига айланди. Бу ҳол муҳим қурилиш ашёси бўлган цемент тақчиллигини юза-га келтираётгани бор ҳақиқат. Бозор муносабатлари талабини чуқур ўрганган зоминлик тадбиркорлар таъминотдаги тақчилликни бартараф этиш ташаббуси билан чиқдилар. «Dal Teknik Zomin Sement And Lime» масъулияти чекланган жамияти жамоаси  ўтган йили «Цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳасини амалга оширдилар. 3,5 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳамда тадбиркорнинг 170 млн.сўмлик маблағи мазкур лойиҳага йўналтирилди. Ўтган йилнинг 12 ноябрида  фойдаланишга топширилган лойиҳа натижасида 70 та янги ишчи ўринлари яратилди.

Зафаробод туманидаги «Huaxin cement Jizzakh» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонада ҳам «Цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳаси амалга оширилаётир. Мазкур лойиҳага тўғридан-тўғри 83,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция йўналтирилди. Бугунги кунда корхонада қурилиш-монтаж ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Цемент ишлаб чиқарувчи замонавий технологиялар, зарурий  асбоб-ускуналарнинг бир қисми келтирилиб, ўрнатилмоқда.

Ўтган 2019 йилда Жиззах шаҳрида қурилиш ашёлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги яна бир қўшма корхона ишга туширилди. «Шифер ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳасини амалга оширган «Imperium Gold» корхонаси замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Мазкур лойиҳа доирасида  600 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция,  тадбиркорнинг 6 млрд.сўмлик маблағи ўзлаштирилди. Бу 60 та янги ишчи ўринлари яратиш имкониятини берди.

Енгил саноат соҳасидаги энг йирик лойиҳалардан бири ўтган йили Арнасой туманидаги «Арнасой Голд Текс» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди. Корхонада  «Мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳаси доирасида 114,3 млрд.сўмлик маблағ ўзлаштирилиб, 768 та янги иш ўринлари яратилди. Ана шундай ишлар Ғаллаорол туманидаги «Ғаллаорол калий фосфат», шу тумандаги «Сангзор текстил»,  Пахтакор туманидаги «Рaxtakor sifat yog`»  масъулияти чекланган жамиятлари томонидан ҳам амалга оширилганлиги натижасида 385 та янги иши ўринлари яратишга асос бўлди.

2019 йилда хизмат кўрсатиш  соҳасида умумий қиймати 441 млрд.сўм бўлган 218 та лойиҳалар ишга туширилди. 1 минг 638 та янги иш ўринлари яратилди. Қишлоқ хўжалигида умумий қиймати 464 млрд.сўм бўлган 128 та лойиҳалар ишга туширилиб, 1 минг 366 нафар янги иш ўринлари яратилди.

Амалга оширилган инвестиция лойиҳалари натижасида нафақат маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва қўшимча иш ўринлари яратиш имконияти кўпайди, балки вилоятнинг экспорт салоҳияти ҳам ошди. 2019 йилда вилоятимизда 60,4 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорти прогнози белгиланган эди. Унинг 9,8 млн. АҚШ доллари миқдоридагиси саноат, 50,6 млн. АҚШ доллари ҳажмидагиси эса қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини ташкил этиши режалаштирилганди. Айрим сабабларга кўра кўзланган марра 99,7 фоизга  уддаланган бўлсада, вилоятда  2018 йилда эришилган натижага нисбатан 2 баравар кўп  маҳсулот экспорт қилинди.

Айни пайтда вилоятимизда 292 та инвестиция лойиҳалари бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди. Олиб борилган изчил ҳаракатлар натижасида 3,3 трлн.сўмлик маблағ ўзлаштирилди. 2019 йилда вилоятда 61 та янги қўшма ва хорижий корхоналар ташкил этилди. Бугунги кунда вилоятимизда фаолият юритаётган ушбу турдаги корхоналар сони 186 тага етказилди. Мазкур корхоналарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё, машинасозлик, электротехника ҳамда тўқимачилик соҳаларида, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа йўналишларда муваффақиятли иш олиб борилмоқда.

Бекпўлат ТОҒАЕВ