Понедельник, Декабрь 9

Билиб қўйки сени, Ватан кутади!

Жиззах давлат педагогика институти халқ таълими соҳаси учун малакали мутахассислар етказиб бераётган нуфузли ўқув даргоҳларидан бири ҳисобланади. Институтда ўзининг билими, иқтидори, интеллектуал салоҳияти билан назарга тушаётган талабалар кўп. Аброр Абдаминов ана шундай ёшлардан. Аброржон физика-математика факультетининг 4-босқич талабаси. Ислом Каримов номли Давлат стипендияси соҳиби.

Аброр Абдаминов ўқишда, факультет жамоат ишларида фаол иштирок этиб, ўзининг намунали хулқи, ноёб қобилияти ва ташаббускорлиги билан тенгдошлари ва устозлари эътиборига тушди. Ўқиш давомида барча фанларни ўрганишга масъулият билан ёндашиб, қисқа вақт ичида иқтидорли талабалар қаторидан ўрин эгаллади.

Институтда яратилган шарт-шароитлар талабаларнинг илмий изланишлар доирасини янада кенгайтириш имконини бермоқда.

Аброр маъруза ва амалий машғулотларга фаол қатнашиб, фан сирларига қизиқувчанлиги билан алоҳида ажралиб туради. Ёш иқтидор эгаси институт, вилоят ва республика миқёсида ўтказилган илмий-амалий анжуманларда, маънавий-маърифий тадбирлар ва жамоат ишларида фаол қатнашиб келади. Ўқув фаолиятидаги назарий билимларини амалиёт билан узвий боғлайди. Кафедра томонидан  берилган топшириқларга масъулият билан ёндошиб уларни ўз вақтида бажаради.

Аброржон  вилоят “Ёшлар иттифоқи”нинг ташаббускор, фаол аъзоларидан бўлиш билан бирга,  ташкилот томонидан ўтказиладиган барча лойиҳаларда ва тадбирларда иштирок этиб келаяпти.  Физика-математика фанлари доктори, профессор Рахматулла Бекмирзаев илмий раҳбарлигида “Ядро ва элементар зарралар физикаси” мавзусида илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Илмий тадқиқотлардан олинган натижалар асосида  нафақат республикамизда  балки бир неча хорижий давлатларда хам илмий мақолалари чоп этилган.  Сўнгги уч йил давомида профессор Раҳматулла Бекмирзаев ва иқтидорли талаба ҳаммуаллифлигида “Коинот физикаси”,  “Сунъий йўлдошлар”, “Электромагнетизмдан масалалар ечиш” мавзусида ўқув услубий қўлланма, 3 та халқаро миқёсидаги мақола, 3 та халқаро миқёсидаги симпозиюм тезиси ва 10 дан зиёд республика анжуманлари тезислари яратилди. Илмий тадқиқот иши ўзининг долзарблиги, амалий аҳамияти билан замон талабига мос келади. Ҳозирда ушбу адабиётлардан олий таълим  даргоҳларида ўқув қўлланма сифатида кенг фойдаланилмоқда. Аброр Абдаминов томонидан Жиззах Политехника институти олимлари билан биргаликда олиб борилган ишлари учун  “Маданий ўсимликлар вегетатив ҳолатини барг тасвири фрагментларини синфлаштириш орқали баҳолаш” мавзусида Интеллектуал Мулк Агентлигининг патенти  қўлга киритилган.

–Илмий фаолиятимда янги замонавий технологияларни педагогикада  жорий этиш устида изланишлар олиб борганман, –дейди Аброр Мадаминов.–Устозим профессор Раҳматилла Бекмирзаев  раҳбарлигида “Физика ўқитиш методикаси” кафедрасида институтимиз  хамда Бирлашган ядро тадқиқотлари институтлари (Дубна ш. Россия федерацияси) ўртасида ўрнатилган халқаро хамкорлик шартномаси асосида олиб борилаётган фундаментал илмий–тадқиқот  ишларида  иштирок этдим. Олган натижаларим таниқли халқаро, республика журналларида, халқаро ҳамда республика анжуман тезисларида чоп қилинмоқда.

Илмий мақолаларида замонавий  таълим тизимининг асосини юқори сифатли ва юқори технологияли муҳит ташкил этиши, Ядро ва элементар зарралар физикасидаги ўтказилган тадқиқот ишларини натижаларини аниқлаш ва уларни ўрганиш кенг ёритилган.

Аброр халқаро илмий анжуманларда, республика ва вилоят илмий-амалий анжуманларида физика ўқитишнинг долзарб муаммоларига бағишланган илмий–тадқиқот ишларининг фаол иштирокчиси. Бу соҳада қўлга киритган натижалари матбуотда эълон қилинмоқда.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, унинг тадқиқот натижалари фан, таълим ривожланишида катта аҳамиятга эга. Фундаментал тадқиқотлар натижасида, олинган натижалардан ядро таъсирлашувларини тушунтириш-даги моделларни мукаммаллаштиришда, янги қурилаётган тезлатгичларни режалаштиришда, физика таълимини янги маълумотлар билан бойитишда фойдаланиш мумкин.

Биз Аброрнинг келгуси ишларига ривож тилаймиз!