Понедельник, Декабрь 9

“BEEK ELEKTRO” бренди билан…

Мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, турларини кўпайтириш орқали аҳолининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида изчил  чора-тадбирлар амалга оширилаяпти.

Истеъмолчиларга арзон ва сифатли маҳсулот етказиб бериш экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган товарлар ишлаб чиқаришни тақозо этади.  Бу борада вилоятимизда тизимли тадбирлар амалга оширилаётир. Жорий йилнинг август ойида Жиззах шаҳрида ўтказилган иккинчи Халқаро инвестиция  форуми ана шундай тадбирлардан бири бўлди. Саноатни янада ривожлантиришга қаратилган анжуман доирасида 1,1 миллиард  АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция келишувларига эришилди.

«Жиззах» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган «Beek Elektro» хорижий корхонасига 3,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги чет эл инвестицияси  киритилди.

—100 фоиз Хитой инвестицияси ҳисо-бига фаолият кўрсатамиз, — дейди кор-хона раҳбари Лиу Веи. — Фан ва техника тараққий этган айни замонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот нафақат рақобатбардош бўлиши, балки жаҳон андозаларига тўла-тўкис жавоб бериши муҳим аҳамиятга эга. Шундагина кундан-кунга рақобат ошиб бораётган бозорда ўз ўрнингизни топа оласиз. Корхонамиз бу йил Хитойнинг энг сўнгги технология-лари билан жиҳозланди. Шу йўл билан ишлаб чиқарилаётган электр жиҳоз-ларининг сифати, хавфсизлиги барча талабларга жавоб берадиган бўлди. Қисқа фурсатда маҳсулотларимиз Ўзбе-кистон бозорини эгаллади.

Тўлиқ автоматлаштирилган корхона цехларини кўздан кечирар экансиз, ходимлар учун барча қулайликлар яра-тилганлигига гувоҳ бўласиз. Шунинг учун иш бир маромда жадаллик билан давом этаётир. Қуюв цехи корхонанинг юраги саналади. Бу ерда  ишлаб чиқа-рилаётган маҳсулотларнинг барчаси махсус қолиплар ёрдамида, юқори си-фатли пластмасса гранулаларидан тайёрланаётир. Бир неча замонавий қуюв дастгоҳларини икки нафар ишчи бошқараяпти.

—Ўта ақлли машина, — дейди оператор Маъсуда Нурмуҳаммедова. —Тугмасини босиб, хом ашёсидан хабардор бўлиб турсангиз бас. Қолган юмуш-ларнинг барчасини ўзи бажаради.

Тайёрланаётган маҳсулотнинг си-фатли эканлиги шундоқ кўриниб туриб-ди. Ҳавас билан қўлга олиб кўрамиз. Пластмасса бўлишига қарамасдан пи-шиқ. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосини розетка ва ёқиб-ўчиргичлар ташкил этади. Бу жиҳозлар доимо электр тармоғига улан-ганлигини назарда тутсак, тармоқда ортиқча юкланиш ёқи қисқа туташув содир бўлиб,  симлар қизиганда ҳам пластмасса тагликларга зарар етмайди.

Корхона жамоаси бугунги кунда  27 турдаги электр жиҳозларини ишлаб чиқараётир. Яқинда  ёруғлик қуввати 6 ваттдан 30 ваттгача бўлган лед лам-почкалари, ташқарига ўрнатиладиган панел лампалари ишлаб чиқариш ўз-лаштирилди. Бундан ташқари, корхонада 2 турдаги изоляция ленталари тайёр-лаш йўлга қўйилди.

—Маҳсулотларимиз ички бозорда истеъмолчилар томонидан юқори баҳо-ланмоқда, — дейди иш бошқарувчи Мусурмон Турлибеков. —Эндиликда  ишлаб чиқарилаётган 5 миллион 200 минг дона электр жиҳозларининг асосий қисмини экспортга йўналтириш устида иш олиб бораяпмиз. Қирғизистонлик ҳамкорлар билан икки томонлама келишувга эришилди. Яқин кунларда ҳамкорларимиз «Made in Uzbekistan»  тамғаси босилган «Beek elektro»  брендли электр жиҳозларини ола бошлайдилар.

Корхонанинг йиғув цехида асосан хотин-қизлар меҳнат қилишади. Завод ишлаб чиқараётган электр жиҳозларининг барчаси шу жамоанинг қўлидан ўтади. Гулзода Эшмуродова, Умида Бешимова, Зуҳра Зулқайнарова, Қундуз Раҳматова сингари ишчиларнинг ғайрати билан жамоа олдидаги вазифани ортиғи билан уддалаб келаяпти.

—Корхонада ишлаётганимга бир йил бўлди, — дейди Гулзода Эшмуродова. — Қисқа фурсатда ўз ишимнинг сиру синоатларини мукаммал ўрганиб ол-дим. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимиз одамлар учун зарур эканлиги зиммамизга катта масъулият юклайди. Ишни шу асосда ташкил этганлигимиз  ютуқларимиз омили бўлаётир.

Шу кунларда корхона маъмурияти Қозоғистон, Россия Федерацияси ва бошқа қатор ҳамдўстлик давлатларидаги ҳамкорлар билан алоқани мус-таҳкамламоқда. Мақсад икки томонлама манфаатли келишувларга эришиш орқали экспорт ҳажмини ошириш. Шу тариқа 2020 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади.