Понедельник, Декабрь 9

Жиззахда ўтган Еврокино фестивалида 5 та кино, 2 мультфильм намойиш этилди

Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1994 йилдан буён узлуксиз ривожланиб бормоқда. 1996 йилда шериклик ва ҳамкорлик битимининг имзоланиши икки томонлама алоқаларнинг кенгайиши учун йўл очди. Европа Иттифоқи Ўзбекистонни турли соҳаларда қўллаб-қувватлаб, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожига кўмаклашмоқда.

2013 йилдан эътиборан Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегацияси  “O’zbеkkino” Миллий агентлиги билан ҳамкорликда Европа киноси фестивалини ўтказиб келмоқда. 2016 йилдан бошлаб фестиваль ўзининг географик қамровини кенгайтирди. Эндиликда Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Нукус, Ургенч, Навоий, Фарғона, Шаҳрисабз шаҳарларида ҳам бўлаб ўтган Европа киноси фестивалида 18 та давлатнинг 85 та фильми намойиш этилди. 20000 нафардан ортиқ киномухлислар ушбу фильмлар орқали Европа маданияти билан танишиш имкониятига эга бўлишди.

Вилоятимиз маркази Жиззах шаҳрида 7-Европа киноси фестивали илк марта ташкил этилди. Уч кун мобайнида Юнус Ражабий номли вилоят мусиқали драма театрида Европанинг машҳур кинорежиссёрлари томонидан яратилган 5 та бадиий фильм, 2 та мультфильм намойиш этилди.

“Бельгияликлар қироли”, “Кичик фермер”, “Жаннат-89”, “Қишдаги Луиза”, “Қовоқчадек ҳаётим” номли фильмлар томошабинларда илиқ таассурот қолдирди.

Республика “Кинопрокат маркази” давлат унитар корхонасининг вилоят филиали томонидан субтитр йўли билан намойиш этилган фильмлар киномухлисларга бепул намойиш этилди.

10 октябрда пойтахтимиз Тошкентда бошланган 7-Европа кинофестивалининг якуни Жиззах шаҳри бўлиб ўтди.