Понедельник, Декабрь 9

Жиззахда табиатга етказган зарари учун 260 фуқаро ва мансабдор шахслар 605 млн. сўмдан ортиқ жаримага тортилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.09.2017 йилдаги “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3286-сонли Қарори ижросини тўлиқ ва сўзсиз таъминлаш юзасидан Жиззах вилоят Экология бошқармасида ҳам муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Қарор талабларидан келиб чиқиб Экология бошқармаси ва мутасадди идораларнинг масъул ходимларидан иборат таркибда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартибининг бузилишини аниқлаш ва олдини олиш бўйича идоралараро гуруҳлар ташкил этилди.

Жумладан, Жиззах вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан  Ғалларол тумани Заргар қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Сангзор” дарёси ўзанидан фуқаро Бегманов Шерали Тошпўлатович  ўғли билан  қум-шағал қазиб олиб, ўзи бошқарувидаги “Зил” русумли автотранспорт воситасига ортаётган ҳолатида аниқланди. Жорий йилнинг 20 ноябрь куни ушбу фуқарога нисбатан ҳам МЖтКнинг 70-моддаси 1-қисми (қўшимча  82-моддаси 2-қисми) билан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари, яъни 4 млн. 460 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.

Жиззах вилоят Экология бошқармасида жорий йилнинг 9 ой давомида норуда фойдали қазилмалар (қум-шағал, тоғ тоши, оҳактош, тупроқ ва ҳ.к)ни ноқонуний қазиб олиш талабларини бузган 260 та фуқаро ва мансабдор шахсларга нисбатан жами 605 млн. 795 минг 530 сўм миқдорида маъмурий жазо чораси қўлланилган.

Табиий сув объектларини сувидан ноқонуний фойдаланиш, сувни ифлослантириш, сув муҳофаза минтақалари режимини бузиш ҳолатлари юзасидан 114 нафар шахсларга нисбатан жами 132 млн. 605 минг 210 сўм миқдорида маъмурий жазо чораси қўлланилган.

Жиззах вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш соҳаси бўйича жорий йилнинг 9 ой давомида назорат рейдлари олиб борилиши натижасида Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Қонуни, “Ер Кодекси” ва “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонунлар талабларини бузган 422 нафар шахсларга (шундан 4 нафари мансабдор шахсларга) нисбатан жами 757 млн. 862 минг 820 сўм (шундан мансабдорларга 1 млн. 621 минг 840 сўм) миқдорида маъмурий жазо чораси қўлланилди.

Замира Абдуллаева – Вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Ахборот хизмати мутахассиси