Понедельник, Декабрь 9

Бугуннинг долзарб мавзуси: Сайлов ва оммавий ахборот воситалари

Ислоҳотлар самараси ўлароқ мамлакатимизда очиқлик ва ошкоралик, сўз, матбуот, фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланди. Кейинги пайтда мамлакатимиз ОАВда кескин жонланиш бўлди. Уларда соғлом танқидий руҳ кучайиб, юртдошларимиз ўз фикрларини очиқ-ошкора, дадил айтаётганлиги эътиборга лойиқ.

Оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнида ахборот бериш, жамоатчилик назорати сифатида кузатиш ҳуқуқига эга. Фуқаролар сайлов кампаниясидаги барча муҳим воқеа ва янгиликларни фақат оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб боришади.

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 11 сентябрдаги қарори билан Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази ва унинг минтақавий бўлинмалари ташкил этилди. Етакчи оммавий ахборот воситалари билан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш бўйича икки томонлама шартномалар имзоланди.

Шу ўринда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли қандай деган ҳақли савол туғилади. Юртдошларимиз мазкур муҳим сиёсий тадбирга тайёргарликнинг бориши, сайлов комиссияларининг фаолиятидан оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўладилар. Шунингдек овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Оммавий ахборот воситаларининг сайлов жараёнидаги муҳим иштироки мазкур сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир тадбирларни ёритиш ҳуқуқи билан боғлиқ. Бу Сайлов кодексининг 8, 35-моддалари билан мустаҳкамлаб қўйилган.

ОАВ вакилларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Бошқа давлатларнинг оммавий ахборот воситалари вакилларини Марказий сайлов комиссияси аккредитациядан ўтказади.

Адолатни таъминлашнинг энг муҳим шарти барча партиялар, номзодлар учун тенгликни кафолатлаш ҳисобланади. Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида барчага аввалги сайловда эгаллаган ўрнидан қатъи назар тенг имконият берилади. Сайлов кодексига кўра ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин. Миллий сайлов қонунчилигимизнинг мазкур қоидалари сайловга оид халқаро стандартларга тўлиқ мос келади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, сайлов жараёнида ОАВнинг иштирок этиши фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашга хизмат қилади. Ўз фикрини эркин билдириш, ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлаш, сайлов қонунчилиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконини яратади. Бу демократик фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим омилидир.

Миравзал МИРАКУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти бошлиғининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори