Понедельник, Декабрь 9

Меҳрибонлик уйидан хушхабар

«БУ — МЕНИНГ УЙИМ ВА ОИЛАМ!» 

деди собиқ тарбияланувчи Эдуард Афонин 

Яқинда Жиззах шаҳридаги 29-сонли Меҳрибонлик уйига хитойлик келин тушди. Келди, десак ҳам бўлаверарди-ю, лекин манзара бошқача тус олди…

Эдуард Афонин сариқсоч болакай бўлиб, зукко эди, яхши ўқирди. Тарбиячилари ҳам унинг тиришқоқлигига эътибор қаратишди. Йигитча давлатимизнинг ғамхўрлиги билан имтиёзли асосда институтга ўқишга кирди. Магистратурани эса Хитой давлатида давом эттирди. Ўша ерда хитой қизга кўнгил қўйди ва уйланди.

— Муассасамизга хитойлик келинимиз келаётганидан бехабар эдик, — дейди ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича директор ўринбосари Манзура Ўралова. — Бир зумда ҳаммамиз оёққа турдик. Ниҳоятда қувониб кетдик. Остона ҳатлаётган келинчакка Эдик: «Таниш, бу — менинг уйим ва оилам!» деганида ҳаммамизнинг кўзларимизга ёш келди. Сал олдинроқ билганимизда, келиннинг бошига оппоқ ёпинчиқ ёпган бўлардик, деб ўйладим. Шу куни ёшларнинг ташрифи биз учун катта байрамга айланиб кетди.

Йигитнинг тарбиячиларга «онажон» дея мурожаат қилиши, келин билан таништируви жуда ҳаяжонли кечди. Айниқса, қизалоқлар хитойлик янгаларига тикилиб-тикилиб қарашди.

Меҳрибонлик уйида шу кунги тадбирни ҳақиқий кичик тўй деса ҳам бўлаверади. Тарбияланувчилар акалари ва келинга ўзбекона либосларда рақслар ва гўзал қўшиқларни ижро этиб беришди. Устозлар болаларга илм камолотга элтишини, юртимизда билим олиш ва ўз келажагига пойдевор қўя олишлари учун барча қулайликлар яратилганини таъкидлашди. Бу ерга ўз уйим, ўз оилам деб келган келин-куёвга дунёдаги энг яхши тилаклар билдирилди.

Тадбир мобайнида ҳамманинг кўнглидаги орзу-умидлар яна бир бор бўй таратди. Эдуарднинг Хитой манзаралари, у ердаги таълим жараёни ва давлатимизнинг ўз фарзандларига нақадар меҳрибон эканлиги тўғрисидаги таассуротлари ҳамда дил сўзларидан сўнг ўғил-қизларнинг чеҳрасида янада ҳаяжон барқ урди. Болаларда акаларига ўхшаб илмли бўлишга, таълим олишга иштиёқ уйғонди. Ўша куни Меҳрибонлик уйида меҳрнинг қайноқ тафти кўкка таралди…