Вторник, Ноябрь 19

Улуғ инсон хотираси

Шароф Рашидов она юртимиз тараққиёти йўлида узоқ йиллар фидокорона меҳнат қилди. У нафақат давлат арбоби, балки ўзининг юксак бадиий асарлари билан халқимиз қалбидан чуқур жой олди.

Жиззах политехника институтининг мажлислар залида Россия Федерациясининг таниқли ёзувчиси Фёдор Раззаков қаламига мансуб “Спасти Рашидова” (“Рашидовни сақланг”) романининг тақдимоти бўлиб ўтди. Анжуманни вилоят “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот марказининг директори Назифа Камолова кириш сўзи билан очиб, вилоят ҳокимининг ўринбосари Эштемир Исматовга берди. Нотиқ ўз чиқишида буюк халқпарвар инсон Шароф Рашидовнинг  ватанимиз олдидаги юксак хизматларини алоҳида таъкидлади. Улуғ инсоний фазилатлари билан унинг номи ҳозирги ва келгуси авлодлар қалбида мангу барҳаёт қолишини айтди.

Шундан сўнг чиқиш қилган таниқли давлат арбобининг қизи Гулнора Рашидова  отасининг оилада ҳам фарзандларига илиқ, самимий муносабатда бўлганлиги, уларнинг ўқишига, юртимизга муносиб кадрлар бўлиб тарбияланишига катта эътибор берганлиги ҳақида мисоллар келтирди.

Китоб муаллифи Фёдор Раззаков ўз  сўзини: “Мен ўзбек фарзандиман. Шу гуллаган, инсон қадри ҳар нимадан юксак қадрланадиган буюк юртда туғилиб ўсганман. Шунинг учун Ўзбекистон ҳақида, Шароф Рашидов довруғини оламга ёйган ўзбек фарзандлари тўғрисида асар ёзишни мени вояга етказган халқим олдидаги ҳам ўғлонлик, ҳам адиблик бурчим деб биламан” – деган сўзлар билан бошлади. “Шароф Рашидов ўзининг халқчиллиги, юксак салоҳияти билан нафақат собиқ иттифоқда, балки жаҳон миқёсида танилган давлат арбоби, атоқли ёзувчи эди” деди муаллиф ўз сўзининг якунида.

Тадбирда меҳнат фахрийси Абдулла Қаршибоев, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов, Ўзбекистон Миллий университетининг профессорлари Замира Ишонходжаева, Ольга Кобзиева, иқтисод фанлари доктори, профессор Лола Зиёдуллаевалар ўз чиқишларида Шароф Рашидовнинг мамлакатимизда илм-фан, адабиётни ривожлантириш борасидаги улкан хизматларини қайд этишди.

Вилоят касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Нусратулло Пардаев, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Сатторқул Одилов, меҳнат фахрийлари Икромжон Азимов, Камол Исроиловлар Шароф Рашидовнинг  Жиззах вилоятида бўлган чоғидаги унутилмас воқеалар ҳақида сўзлаб беришди.

Тадбир якунида Жиззахдаги Шароф Рашидов номидаги музей директори Одилжон Ҳамроқулов китоб муаллифи ва унинг оила аъзоларига жиззахликларнинг эсдалик совғаларини топширди.