Вторник, Ноябрь 19

Абу Али Ибн Сино олимпиадасида биология фани билимдонларини аниқланди

Жиззахда Халқ таълими вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 22 октябрь куни биология фани бўйича олимпиада бўлиб ўтди.

Ушбу олимпиада Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Жиззах шаҳридаги «Умид» ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўтказилган мазкур олимпиадада 2018-2019 ўқув йилида асосий фан олимпиадасининг III босқичида ғолиб бўлиб (1-2-3-ўрин), ҳозирги кунда умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф, академик лицейларнинг 1- ва 2-босқич ҳамда касб-ҳунар коллежларининг 3-босқичида таҳсил олаётган 100 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилар иштирок этди.

Олимпиада иштирокчиларига 40 та тест саволи ва ушбу тестларни бажариш учун 3 соат вақт ажратилди. Белгиланган муддат ичида иштирокчилар жавоб варақасини тўлдириб, назоратчиларга тақдим этишди.

Олимпиада якунларига кўра бар-ча ўринларни академик лицей ўқувчилари эгаллашди. Жумладан, Бухоро давлат университетининг Қоракўл академик лицейи ўқувчиси Равшанбек Каримов 1-ўринни, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг академик лицейи ўқувчиси Саида Валижонова 2-ўринни ва Жиззах давлат педагогика институтининг академик лицейи ўқувчиси Сардор Тожибоев 3-ўринни қўлга киритди.

Абу Али ибн Сино олимпиадасида ғолиб бўлган ўқувчилар эсдалик совғалари ва пул мукофотлари билан тақдирланди. 1-ўрин ғолибига  22 300 000 сўм, 2-ўринга 14 495 000 сўм, 3-ўринни эгаллаган ўқувчига 11 150 000 сўм пул мукофотлари топширилди.

Шунингдек, мазкур олимпиадада ўқувчиси ғолибликни қўлга киритган ўқитувчилар ҳам пул мукофоти билан тақдирланишди.