Вторник, Ноябрь 19

Теннисчиларимиз бронза медаллари соҳиби

Жиззах вилоят енгил атлетика ва спорт ўйинларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг «Истиқлол» теннис корти бир ҳафта давомида теннис мухлислари ва ёш спортчилар билан гавжум бўлди.  Бу ерда стол тенниси бўйича 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтди.

Биринчиликда республикамиз вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан келган теннисчилар  ғолиблик учун кураш олиб боришди. Мусобақалар иштирокчилар ўртасида шахсий, жуфтлик, аралаш жуфтлик ва жамоавий тизимда ўтказилди.

Қизлар ўртасида бўлиб ўтган жамоавий ўйинларда вилоятимиз терма жамоаси учинчи ўрин соҳиби бўлди. Жамоавий баҳсларда вилоятимиз шарафини Саодат Юнусова (Жиззах шаҳри), Нафиса Исомиддинова (Зарбдор тумани) ва Дилдора Турдибоева (Шароф Рашидов тумани)лар ҳимоя қилишди.

Ўғил болалар ўртасидаги жуфтлик беллашувларида вилоят терма жамоасининг аъзолари Мавлон Тошмуродов билан Иброҳим Абдураҳмонов бронза медалларига сазовор бўлдилар.

Ушбу чемпионатга теннисчиларимизни мураббийлар Улуғбек Бўрибоев, Файзулла Мажидов ва Бахтиёр Одиловлар тайёрлашди.