Вторник, Ноябрь 19

Шубҳангиз бўлса, Пахтакорга келинг

Йўлингиз тушиб Жиззах вилоятининг Пахтакор тумандаги “Олтинкўл”  маҳалласи томон ўтиб қолсангиз,  улкан қурилиш майдонига дуч келасиз.  Бундай манзара бугун нафақат “Олтинкўл”да, балки   туман марказидаги  “Дўстлик”,  “Тошкент”, “Ғалаба” маҳаллаларида ҳам кўзга ташланади.  

Дарвоқе, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида ташкил этилган Пахтакорда инфратузилма иншоотлари, йўл ва кўчалар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти бугунги кун талабларидан ортда қолганди. Маданий-маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари йўқ ҳисоби эди. Борлари ҳам нураб тугаганди. Бугун эса вилоятнинг барча туман марказлари каби Пахтакорда ҳам янгиланиш  бошланган. 1960-1970 йилларда қурилган 88 та бараклар кўчирилиши ва улар ўрнида кўп қаватли замонавий уй-жойлар қурилиши белгиланган.

—Ишни барак уйларда яшаб келаётган оилаларга якка тартибда уй-жой қуриш учун  ер ажратиб беришдан бошладик,— дейди туман ҳокими ўринбосари Ҳамид Ҳасанов. – Тумандаги  3 та массивда бош режа асосида 800 га яқин якка тартибдаги янги турар жойларни барпо этишга киришдик. Шахсий уй қурувчилар кредит маблағлари билан таъминланди. Уларнинг ҳар бирига шифер, цемент, шағал каби қурилиш материаллари бепул берилди. Бошқа қурилиш материалларини ҳам арзон нархларда етказиб бериш йўлга қўйилди.

—Юртимизда амалга оширилаётган янгиланишлар халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириб юборди,— дейди “Ғалаба” маҳалласидаги барк уйлардан бирида яшаб келган  Машраб Жаманқулов. —Айниқса, барак типидаги уйларда яшаётган одамларнинг аҳволи анча оғир эди. Масалан, мен ҳам бутун оилам—4 ўғил,        4 келин билан 2 та барак уйда яшадик.  Кўрсатилаётган  ғамхўрлик туфайли 4 та ер участкасига эга бўлдик, уйларни битказиб, кўчиб ҳам кирдик.

Одамзотнинг феъли шунақа. Амалга оширилаётган эзгу ишлардан  кимлардир қувонса, кимлардир куюнади. Буни бежизга айтмадим. Унга яқинда ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабар сабаб бўлди. “Жиззахда уйи бузилган одамлар чодирда кун кўрмоқда” сарлавҳали қисқагина хабарни тарқатган оқни қора дегувчи кимсаларнинг мақсади ҳам шунга қаратилган, бўлса ажабмас. Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида янги қурилган уйи атрофини ободонлаштираётган бақувват, чайир отахонга рўбару келдик. Мўйсафиддан интерьнетда берилган хабар ҳақида сўраган эдик, ҳайрон бўлди. Отахон интернет нима эканини билмаса ҳам янги маҳаллада қандай ўзгаришлар бўлаётганини яхши билади.

—Ёшим 79 да, — дейди Қаҳрамон ота Рустамов. — Шунча йил яшаб,  ҳозиргидек меҳр-мурувватни кўрмаган эдим. 40 йилдан зиёд бир вақтлар қурилган барак уйда амал-тақал ҳаёт кечирдик. Ёзда жазирамадан, қишда совуқдан азият чекардик. 3 ўғил, келинлар, набиралар билан ҳеч қандай шароити бўлмаган хонадонда яшадик. Ниҳоят мана мушкулимиз осон бўлди. 3 та участкалик бўлдик. 2 ўғлим учун алоҳида-алоҳида, кенжам билан биз чол-кампирга алоҳида уй қуриш учун ер берилди. Оллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, эндиликда ҳар биримизнинг ўз уйимиз бор. Қурилиш материаллари, ишчи кучидан кўп ёрдам беришди. Имтиёзли кредит олдик. Энг муҳими, уйимизни битириб, унга кўчиб ўтдик. Лекин сиз айтган нонкўрлик, яхшиликни ёмонлик дейишни бизнинг қавмимиз қилмайди. Мен бунга яратганнинг олдида ҳам, виждоним олдида ҳам кафил бўла оламан.

Ҳа, отахон ҳақ гапни айтди. Бундай эзгу ишларни кўрмаслик учун  отахон айтганидек кўр бўлиши керак киши. Шуни таъкидлаш керакки, шу пайтгача шахсий уй-жой қураётган фуқароларга 1548 машина шағал, 1177 тонна цемент, 35100 дона шифер етказиб берилди. 214 нафар фуқарога 3 миллиард 600 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Юқорида таъкидлаганидек уй қуриш осон иш эмас. Янги уй қуриб битказилгандан кейин ҳам унинг икир-чикирлари йиллаб чўзиладиган иш. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Пахтакорда амалга оширилаётган ишлар нечоғли тезкор бораётганлигини билиш қийин эмас.  Халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига қандайдир ғаламитснинг интернет тармоғидаги ёлғон хабари соя сололмайди, албатта.

Кимда ким  Пахтакорда амалга оширилаётган ишларга шубҳа қилса, келсин, ўз кўзи билан кўрсин, одамлар билан гаплашсин.  Шунда юртимизда амалга оширилаётган  кенг кўламли ислоҳотлар натижасида халқимизнинг турмуш тарзи, фаовонлиги кундан кунга ўзгариб бораётганлигига ишонч ҳосил қилади.

Бекпўлат ТОҒАЕВ. (“Жиззах ҳақиқати”)