Пятница, Октябрь 18

Халқаро пресс-клуб: Ижтимоий ривожланиш профессионал таълим тизими мавзусига бағишланди

Ёшлар инновацион марказида «Ўзбекистонда профессионал таълим: ислоҳотларнинг янги саҳифаси ва меҳнат бозори билан уйғунлашув» мавзусида «Халқаро пресс-клуб» ташкил этилди. Унда республикамизнинг барча вилоятларидан намунали касб-ҳунар коллежларининг фаол ўқитувчилари ва ўқувчилари ҳамда чет эллик вакиллар иштирок этишди. Дастлаб компьютер инженеринги, электрик, ошпазлик, карвинг санъати, қандолатчилик, гулчилик, пайвандлаш, ветеринария, мебелчилик, қурилиш, мотор йиғиш, сантехник касблари бўйича 180 нафар иштирокчининг кўргазмали шоулари ўтказилди.

— Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус таълим тизимини илғор хориж тажрибалари асосида такомиллаштириш муҳим вазифа, — дейди Тошкент шаҳридаги Инновацион педагогик ривожлантириш ва педагогларнинг малакасини ошириш институтининг катта ўқитувчиси Ҳусния Офтобхўжаева. — Мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг самарали ижросида кенг жамоатчиликнинг фаоллигини оширишдир.

— Миллий малака тизимига дунёнинг 130 дан ортиқ давлатларида амал қилинади, — дейди Швейцария ҳукумати гранти асосида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда касб кўникмаларини ривожлантириш» лойиҳасининг халқаро координатори Габрэлла Дамиан-Тимошенко. — Сизнинг Ватанингизда ҳам жорий этилаётган истиқболли дастур жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлашувини таъминлашига ишонаман. Кўргазмаларда иштирок этаётган иқтидорли ёшларнинг ўзини тутиш маданияти, камтарона хулқи юрт  келажагининг нечоғлик буюк эканли-гидан далолат бермоқда.

— Бундан 2 йил муқаддам муҳтарам Президентимиз томонидан ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимидаги хато ва камчиликлар, ўзини оқламаган жиҳатлар ўринли танқид қилинган эди, — дейди «Халқаро пресс-клуб» бош продюссери Ғулом Самадов. — Ўтган йиллар давомида меҳнат бозори эътиборга олинмаган ҳолда кадрлар тайёрланиб, мавжуд тизим иш берувчиларнинг талабларига тўғри келмасди. Чунки, оддий ишчи касблар билан ўрта махсус маълумотга эга мутахассисларни тайёрлаш аралаштириб юборилган эди. Янги тизимнинг асосий принципи — аввал иш ўрни аниқ бўлади, иш берувчи ўзининг малака талабларини, шу касбнинг илмини, ўқитиш технологиясини беради, шундан кейингина мутахассис тайёрланади.

— Ҳар тарафлама мукаммал қарор қабул қилиниши учун 14 та хорижий давлат ва халқаро ташкилотлардан 214 нафар нуфузли экспертлар жалб этилиб, зарур хулосалар олинди, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Муродулла Холмухамедов. — Асосан Швейцария, Корея, ЮНЕСКО, Британия Кенгаши, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Осиё тараққиёт банки, Европа таълим жамғармаси, Туркия ҳамкорлик агентлиги, Хитойнинг Университетлар уюшмаси аъзоларининг таклифлари атрофлича ўрганилди.

Фармонга мувофиқ, эндиликда 9-синф битирувчилари 2 йиллик таълим дастур-лари асосида техникумларда ўқитилади. Ўқувчилар ҳафтанинг уч кунида назарий билим олади, 3 кунида корхонанинг ўзида бириктирилган уста, мастер раҳбарлигида тўғридан-тўғри келажакда ўзи ишлайдиган иш ўрнида амалиёт ўтайди. Мазкур жараён Германия тажрибасида муваффақиятли таълим тизими сифатида эътироф этилган.