Пятница, Октябрь 18

“Жиззахкентекс”да янги ҳосил қабул қилинмоқда

Бу йил об-ҳаво деҳқон кўнглига боқмади. Эрта баҳорнинг дастлаб қурғоқчил, кейинги серёғин кунлари деҳқонларни яна бир бор синовдан ўтказди. Айниқса, жойларда пахта-тўқимачилик кластер-ларининг ташкил этилганлиги чигит экишдан то ҳосил пишиб етилгунгача бўлган жараёнларни агротехника талаблари даражасида ўтказилишида муҳим аҳамият касб этди. Амалга оширилган тадбирлар мўл ҳосил етиштирилишини таъминлади.

Эндиги вазифа даладаги ҳосилни имкон қадар тезроқ йиғиштириб олишдан иборат. Буни чуқур тушуниб етган зафарободлик  пахтакорлар вилоятда биринчи бўлиб пахта йиғим-теримига киришдилар. 

Пештоқига “Jizzaxkenteks” МЧЖга қарашли пахта тозалаш корхонаси” деб ёзиб қўйилган катта дарвоза ланг очилган. Ҳовли атрофи фермер хўжаликлари раҳбарлари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, “Jizzaxkenteks” пахта-тўқимачилиги кластери мутахассислари билан гавжум. Илк ҳосили ортилган  трактор тиркамалари корхона томон бирин-кетин кела бошлади. Жорий йилнинг дастлабки ҳосилини қабул қилишга бағишланган тадбир иштирокчиларини туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев табриклар экан, шундай деди:

—Бу йилги ҳосилни етиштириш осон бўлмади. Табиат инжиқликлари деҳқоннинг сабр-матонатини яна бир карра синовдан ўтказди. Илк бор фаолият бошлаган пахта-тўқимачилик кластери ишни тўғри ташкил этганлиги, ғўза парваришига янгича ёндошув, агротехник жараёнлардаги ўзгаришлар, замонавий иш тартиби тумандаги  мавжуд 252 та фермер хўжаликлари далаларида яққол намоён бўлди. Соҳага бошқарувнинг янгича усули жорий этилганлиги деҳқончиликнинг асоси бўлган пахтачиликда ўз самарасини  кўрсата бошлади. Ана шунинг натижасида бир ой кеч бўлсада мўл ва сифатли ҳосил етиштирилди.

Биринчи бўлиб корхонага Охунбобоев фермерлар уюшмаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган “Ғалаба” фермер хўжалиги деҳқонлари етиштирган ҳосил ортилган трактор тиркамаси кириб келди. Товаршунос Эсонбой Давлетов ва унинг ёрдамчиси Жасур Қурбоновлар  лаборатория текшируви учун намуна олдилар.

—Ҳосилнинг тоза ва сифатли эканлиги пахтани қўлимга олишим биланоқ сезилди, —дейди Эсонбой Давлетов.  —Чигити тўқ, толаси узун. Бугун пахтани қайта ишловчиларга айнан ана шундай хом ашё керак.

Трактор тиркамаси электрон тарозига қўйилди. Тиркама пахтага унчалик тўлдирилмаган бўлсада  1 минг 780 килограмм тош босди. Бу ҳосилнинг сифатли, чигитининг тўқлигидан далолатдир.

—38,1 гектар ерга чигит эккан эдик, —дейди  “Ғалаба” фермер хўжалиги раҳбари Азиз Арчабоев.  —Об-ҳавонинг ноқулайлиги туфайли  ғўзанинг амал олиши ҳам, ҳосилнинг пишиб етилиши ҳам бир ой кечикди. Ғўза ривожидаги қолоқлик қўшимча ишлов, озиқлантириш ва суғориш эвазига бартараф этилди. Бунда албатта янгича тизим—кластерга ўтганлигимиз қўл келди. Мўл ҳосил етиштириш учун нимаики зарур бўлса, ҳаммаси ўз вақтида таъминланди. Жамоамиз аъзолари шартномадаги 29 ўрнига 40 центнерни мўлжаллаяпти. Теримнинг дастлабки куниданоқ мўлжалимиз аниқ эканлиги ўз  исботини топди.

Пахта йиғим-теримига пухта тайёргарлик кўрилди. Туманда 200 та йиғим-терим гуруҳлари ташкил этилиб, уларга 16 минг нафар теримчилар бириктирилди. Уларга етарли озиқ-овқат заҳиралари тайёрланиб, зарурий шарт-шароитлар яратилди.

—Бу йил 2 минг гектар ердаги ҳосилни машиналар ёрдамида териб оламиз, —дейди “Jizzaxkenteks” масъулияти чекланган жамияти қошида ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери раҳбари  Мўминжон Сиддиқов. —Келгуси йилдан бу ишга жиддийроқ киришамиз. Ихтиёримизда 8 минг 100 гектар пахта майдони бор. 2020 йилдан етиштирилган ҳосилни машиналарда териб оламиз. Айни пайтда 20 та серунум “John Deere”  агрегатларини сотиб олиш чораларини кўраяпмиз. Бу машиналарнинг ҳар бири  билан кунига  ўртача 25 гектар ердаги ҳосилни териб олиш мумкин. 20 та агрегат билан кунига 500 эмас 400 гектар ернинг пахтаси териб олинганда ҳам етиштирилган ҳосилни саранжомлаб олишга 20 кун вақт кетар экан.   Ҳозирда жамоамиз билан келаси йил режасини ана шундай ҳисоб-китоб қилаяпмиз.

— Жорий йил нафақат хўжалигимизда, туманимизда ҳам мўлжалдагидан кўра мўлроқ ҳосил етиштирилди, —дейди  “Темурбек Долиев” фермер хўжалиги раҳбари Дилмурод Турсунқулов. — Бу деҳқон меҳнатининг натижаси. Эндиги вазифа даладаги ҳосилни тезроқ йиғиб-териб олишдан иборат…

Айни пайтда поёнсиз далаларда пахта йиғим-терими қизғин тус олди. Бутун диққат-эътибор даладаги мўл ҳосилни йиғиштириб олишга қаратилганлиги сифат ва самарадорликни кундан-кунга ошираётир.