Пятница, Октябрь 18

Ғайрат-шижоатингизга балли, арнасойликлар!

 АРНАСОЙ ДАЛАЛАРИДА

туманда пахта йиғим-терими қизғин бошланиб кетди 

Куз ҳавоси. Илгариги иссиқлар тафти пасайган. Сўнгги кун-ларда осмонга тез-тез булут чиқаяпти. Энди ҳаммамиз ҳушёр тортишимиз, йиғим-терим суръатини яна ҳам оширишимиз керак. Негаки, мавсум эндигина бошланиб, катта машақ-қатлар билан етиштирилган ҳосилимиз далада ётибди.

Бугун пахтазорлар оппоқ тус олган. Лўппи-лўппи очилган пахталар кўзни қувонтиради. Ахир, қувонмай бўлади-ми? Бу ҳосилни етиштириш, шу қувончли дамларга етиш учун озмунча заҳмат чекилдими? Лекин қийинчиликлар ортда қолди. Тадбиркор фермерлар фидокорона меҳнат қилиб, баракали хирмон тиклашга замин яратишди. Эндиги асосий вазифа — миллий бойлигимиз бўлган пахтани нест-нобуд қилмай, йиғиштириб олишдан иборат.

Арнасойликлар сўнгги йилларда пахта ва дон етиштиришда катта ютуқларга эришаяптилар. Жорий йилда туман деҳқонлари 8 минг 600 гектар пахта майдонида деҳқончилик қилишиб, 19 минг 600 тонналик хирмон яратишга бел боғлашган. Қувонарлиси, арнасойлик фермерлар ўзларининг нималарга қодир эканликларини кўрсатишмоқда. Бугун фидойи фермерларни нафақат вилоятимизда, балки республикамизда ҳам кўпчилик танийди. Улар сидқидилдан меҳнат қилишиб, эл ҳурматига сазовор бўлишаяпти. Эзгу ниятлар билан бошланган ишлар хайрли кечади. Туман пахтакорлари ҳам кўнгилларига яхши ниятларни тугиб, йиғим-теримга биринчилардан бўлиб киришдилар.

— Деҳқонларимизнинг кайфиятлари баланд, — дейди туман ҳокими Жамолиддин Бердибоев. — Терим суръати кун сайин кўтарилмоқда. Туман маҳаллаларидан ёрдамга чиққан кўнгилли теримчилар ҳар йилгидек бу йил ҳам ҳосилни йиғиштириб олишда яқиндан кўмак беришаяпти. Шубҳасиз, Арнасойнинг залворли хирмонининг тикланишида уларнинг ҳиссаси катта бўлади. «Мустақиллик» сув истеъмолчилар уюшмаси фермерлари яхши натижаларга эришаяптилар. Шулар ҳақида мақола тайёрласангиз, яхши бўларди…

Дарҳақиқат, бугун пахтазорларда ҳаёт қайнайди. Пахта ҳосилини очиқ кунларда барвақт йиғиштириб олиш мақсадида вилоят ташкилотлари ҳамда республикамиз идораларидан ҳам кўнгилли теримчилар туман деҳқонларига ёрдамга келишган. «Мустақиллик» сув истеъмолчилар уюшмасига қараб йўл олдик. Ҳозир ҳамманинг фикри-зикри мавсумни барвақт якунлашга қаратилган. Ҳамроҳимиз пахта тозалаш корхонасининг ҳайдовчиси Отабек анча сўзамол, очиқ йигит экан.

— Чанг йўлларда машина ҳайдамасдим, — дейди ҳазиллашиб. —Ниятларингиз холис экан. Теримчиларнинг ишини газетада ёзсаларингиз, уларнинг ҳам кўнгиллари кўтарилади. Ҳа, деган туяга мадад деганларидек, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарсак, пахтамиз ерда қолмайди. Насиб қилса, бу йил ҳам деҳқонларимизнинг юзи ёруғ бўлади.

Ҳаял ўтмай терим қизғин кетаётган «Турсунқул ота» фермер хўжалиги даласига етиб келдик. Бу ерда туман маркази аҳолисидан таркиб топган 1503- ва 1510-терим гуруҳлари пахта тераётган экан. Уларга Фахриддин Абдуллаев ҳамда Шерниёз Ҳамзаевлар бошчилик қилаётир.

— Теримчиларга 50 килограмм терган ҳосилига 1 килограммдан қўшимча пахта ёғи берилгани терим суръатини кўтариб юборди, — дейди Фахриддин ака. — Баъзи илғор теримчиларимиз кунига 2-2,5 килодан уйларига ёғ олиб кетишаяпти. Моддий манфаатдорлик ошгач, ўз хоҳиши билан пахта теришга чиқаётган кўнгиллилар сони кўпайди. Ҳозир гуруҳимизда 150 нафар киши пахта тераяпти…

Қаердаки моддий манфаатдорлик бўлса, ўша жойда иш олдинга сил-жийди. Бу ҳақиқатни теримчилар алоҳида эътироф этишди. Айниқса, Гулчеҳра Қураматова, Нигора Ҳамзаева, Холдон Михлибаева сингари теримчилар ҳашарда қатнашаётганликларидан қувониб гапиришди. Улар кунига этаклардан 100-130 килограммдан пахта тўкиб, пешқадамликни қўлдан беришмаяпти. Терим пулининг вақтида тўланганидан ташқари қўшимча ёғ берилаётгани рўзғорларини обод қилаётганини яшириб ўтиришмади. Фермер Жаҳонгир Туронов ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. У қўй сўйиб, ҳашарчиларга тушлик учун чой, иссиқ овқат тайёрлаб бераётир.

Уюшмада 22 та пахтачилик фермер хўжалиги фаолият кўрсатаяпти. Улар бу йил туманда биринчи бўлиб, давлатга пахта топшириш режасини бажаришга бел боғлаганлар. Айни кундаги шижоат бу ниятнинг амалга ошишидан дарак бериб турибди.

«Олтин водий» сув истеъмолчилар уюшмасининг раиси Нурпўлат Исмоиловни яхши таниймиз. Деҳқончиликнинг сир-асрорларини пухта билади. Ўзи бош бўлган уюшма фермерлари билан доимо маслаҳатлашади. Ҳамжиҳатликда қилинаётган ишлар самара бераяпти. Давлат режалари бажарилмоқда.

Масъулиятли мавсум — пахта йиғим-терими авж олиб кетди. Уюшма пахтакорлари бу кунларни интизорлик билан кутишди. Раисни Ҳусниддин Худойбердиев бошлиқ «Каттасой қўрғони» фермер хўжалиги даласида учратдик. Бу ерда ҳам терим қизғин. Маҳалладан чиққан ҳашарчиларнинг қўли-қўлига тегмайди.

— Эрта кўкламда барвақт чигит эккан фермеримиз шу йигит бўлади, — дея фермерни бизга таништираркан, Нурпўлат ака сўзида давом этди: — У «Эрта эккан барвақт хирмон қилур» нақлига амал қилиб, теримга биринчилардан бўлиб киришди. Бултурги даромади чакки эмасди. Жорий йилда ҳам фермернинг манфаатдорлиги янаям ошади.

Ҳусниддин олий маълумотли. Тошкент политехника институтини тамомлабди. Уни суҳбатга тортдик.

— 75 гектар ер майдонимиз бор, — дейди фермер. — Жорий йилда 30 гектар ғалла, 30 гектар пахта майдонида деҳқончилик қилдик. Қолгани тутзор. Хўжалигимизда 12 нафар ишчи ишлайди. Уларнинг меҳнатидан хурсандман. Аҳил жамоамиз билан бу йил давлатга 61 тонна ўрнига салкам 100 тоннага яқин буғдой топширдик. Ишлаб, кам бўлмаяпмиз. Бултур ҳукуматимизнинг ёрдами билан оширилган ғалла учун «COBALT» автомашинасини имтиёзли нархда олдик. Бу йил «GENTRA» русумли енгил машинага тўлов қилдик. Яқин кунларда олиб қоламиз. Йилни 200 миллион сўм соф фойда билан якунлашни кўзда тутаяпмиз…

Оппоқ пахтазорга боқамиз. Қийғос очилган пахталар, шиғил-шиғил кўсакларни кўриб, хўжалик аъзолари сидқидилдан меҳнат қилишганининг гувоҳи бўлдик.

Теримчилар бўш келишмаяпти. Умида Сафарова, Насиба Очилдиева сингари теримчилар кўпчиликка ўрнак бўлишаяпти. Улар моддий манфаатдорлик кўришаётганидан терим суръатини кун сайин оширишаяпти.

Деҳқон ва теримчилар билан суҳбатимиз бироз чўзилди. Хайрлашар эканмиз, ўзимизнинг эзгу тилакларимизни билдирдик.

— Хирмонингиз юксалсин, ишингиз илоҳим бароридан келсин!

Абдушукур ЛАПАСОВ.