Пятница, Октябрь 18

Ҳам тадбиркор, ҳам спортчи

«Ҳар бир оила — тадбиркор», «Ёшлар — келажагимиз» давлат дастурлари доирасида ҳавотоғлик 71 нафар,  Шодлик маҳалласидан 60 нафар, Янгиобод шаҳарчасининг 84 нафар оила ва ташаббускор ёшларига банклардан имтиёзли кредитлар ажратилди.

Туманимизда сўнгги йилларда асаларичилик, қуёнчилик, чорвачилик, паррандачиликни ривожлантириш мақсадида ёшлар томонидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Камол Қўлдошев, Иброҳим Бобоев, Элдор Маҳкамов, Зокир Қосимов, Эҳсон Ҳотамбоев сингари ёш тадбиркорлар оилавий бизнесни йўлга қўйишди. Натижада 100 га яқин маҳалла ёшларининг бандлиги таъминланди.

Ҳудудимизда янги ташкил этилган тикувчилик ва ип-калава ишлаб чиқариш бирлашмаларининг фаолият кўрсатиши билан 300 га яқин ёш оилалар, хотин-қизлар иш ўрнига эга бўлишди. Узумчилик, боғдорчилик, иссиқхона ташкил этишда ҳам ёшлар истиқболли лойиҳаларни  амалга оширишни режалаштиришган.

Уюшмаган маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақ-садида яқинда «Баландчақир» маҳалла фуқаролар йиғинида футбол мусобақаси ташкил қилинди. Туман «Маҳалла» жамғармаси, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ташаббуси билан ўтказилган турнирда 100 дан зиёд ёшлар ғолиблик учун яшил майдонга чиқишди. Якунда майдон эгалари биринчи,  Янгиобод шаҳарчаси ёшлари иккинчи, совотликлар учинчи ўринни эгаллашди.

Мусобақа сўнгида фаол ёшларга ҳомийларнинг совғалари топширилди.

Алишер КАРИМОВ,

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича

Янгиобод туман кенгаши раисининг ўринбосари.