Пятница, Октябрь 18

Зафаробод улкан ўзгаришлар оғушида

Ўтган йилларда “Ёрқин” ШФЙ ва “Лолазор” ҚФЙларнинг ҳудудида қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш борасида жуда катта ишлар рўёбга чиқарилди. Жорий йилда “Узун” ҚФЙ, “Бирлик” ҚФЙ ва “Бўстон” МФЙларда 38,6 миллиард сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Ўтган 6 ой мобайнида 7,3 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилди.   68 та кўпқаватли уйларни таъмирлаш ишлари жадал суръатда давом этаяпти. Уйларнинг том ва фасад, кириш йўлаклари таъмирланди. 70 та уйнинг кириш йўлакларига темир эшиклар ўрнатилди, 12 та айвонли тандирхона қурилди. Ҳудудларда ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини яхшилашга киришилди. 4 километрлик электр тармоқлари ва 1 та трансформатор янгиланди, 91 та таянч устунлари ўрнатилди. Аҳолига 80 дона суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилган. Шу кунгача 9,7 километр ички йўллар жорий таъмирдан чиқарилди.

Туман маркази ҳам катта қурилиш майдонига айланган. Замонавий турар-жойлар, маданий-маиший иншоотлар, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, ишлаб чиқариш объектлари, кенг ва равон йўллар кўзни қувонтиради.   Бу ерда “Ёшлар хиёбони”, янги деҳқон бозори ва бошқа маъмурий, маданий-маиший ва савдо шохобчалари барпо этилаётир. Бозор инфратузилма объектлари қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жами 43 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши бошлаб юборилган. 18 минг квадрат метр дарахтзор ва гулзор ташкил этишга салкам 500 миллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.

Зафаробод туманида  2019-2020 йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 40 та лойиҳа руёбга чиқарилиши режалаштирилган. 4 триллион 991 миллион сўмлик маблағ ўзлаштирилиши белгиланган. Шундан 577 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилиши мўлжалланаяпти.

Тумандаги йирик лойиҳалардан бири бу цемент ишлаб чиқариш бўйича тайёрланган лойиҳадир. Бугунги кунда тўғридан тўғри хорижий инвестицияни жалб этган ҳолда Хитой Халқ Республикаси ишбилармонлари билан ҳамкорликда “Чимқўрғон” ҚФЙ ҳудудидан лойиҳа қиймати 1 245 000 миллион сўм, йиллик қуввати 2 миллион тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод қурилиши олиб борилаяпти. Бу ишга 150 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилади. “HUAHIN CEMENT JIZZAKH” деб номланган МЧЖнинг биринчи босқичи жорий йилнинг 1 декабрида ишга туширилиши режалаштирилган.

Яқинда “Bilderberg” кир ювиш воситалари ишлаб чиқариш хусусий корхонаси ишга тушди.  420 миллион сўмлик  лойиҳа амалга оширилди. Тадбиркор Ғайрат Субҳонқулов интенсив усулда балиқ етиштиришга доир лойиҳани амалга ошириб, сунъий сув ҳавзаси ташкил этди.  Якка тартибдаги тадбиркор Мансур Ғойибназаров бетон деворлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Туманда оҳак, мармар ишлаб чиқариш ҳамда нодавлат таълим муассасаси, савдо шохобчалари бунёд этиш бўйича ҳам истиқболли лойиҳаларга маблағ ажратилиб, иш бошланган.

—Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувидан сўнг бошланганди,—дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Сафар Тойжонов.— Ушбу мулоқотда тизимда эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилганди. Беморларни даволашнинг янги, замонавий усулларидан фойдаланаяпмиз. Айниқса, “Саломатлик—1,2,3” лойиҳалари асосида замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарининг ўрнатилгани тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш имконини бераяпти.

Бугунги кунда марказий касалхона ва кўп тармоқли поликлиника биносини реконструкция қилиш давом этаяпти. Янги туғруқхона бунёд этилмоқда. Янги бинода диспетчер, дори-дармон сақлаш, ходимларнинг дам олиш ва овқатланиш хоналари бўлиши режалаштирилган. Бундан ташқари, “Тез ёрдам” автомашиналари учун усти ёпиқ тураргоҳлар қурилади. Шифо масканларида оналик ва болаликни муҳофаза этиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти.

Бугунги кунда туман аҳолисига 95 ўринли марказий шифохона, 250 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий табобатхона, бир қатор оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари  хизмат кўрсатаётир. Туманда ҳомиладор аёлларнинг скрининг текшируви йўлга қўйилди. Илгари аёллар бунинг учун вилоят марказидаги шифохонага боришарди. Ўтган йили оналар ўлими, жорий йилнинг олти ойи мобайнида болалар ўлими қайд қилинмади.  “Лолазор” ва “Нурафшон” ҚФЙлар ҳудудида  шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимининг шохобчалари ташкил этилди.

Бугунги кунда катта-кичик давраларда баландпарвоз гапларни қўй, деҳқонга дангалини очиқ-ойдин айтавер, дейишади. Боиси унинг машаққатли меҳнати ҳар қандай мақтовларданда юқори. Чўл ҳудудидаги иқтисоди бақувват фермерлардан бири “Мададкор кабутар” фермер хўжалигининг раиси Зиёдулла Халилов. У ҳам Истиқлол туфайли мулкдор бўлганлардан бири. Ер билан тиллашиб ишлаётган деҳқон яқинда давлатга ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажариб, юзи ёруғ бўлди. Ўтган йили режани бажариб, вилоят ҳокимининг совғаси —“Каптива” русумли автомашина билан тақдирланганди.

—Президентимиз раҳнамолигида улкан ислоҳотлар амалга оширилаяптики, мен  ҳаётимдаги ўзгаришлар, ютуқлар мисолида бу ислоҳотларнинг самарасини кўраяпман,—дейди Зиёдулла Халилов.— Мустақиллик шарофати билан деҳқон ерга, мулкка эга бўлди. Ўтган йили  28 гектар майдонда ғалла етиштириб, давлатга  режадан 100 тонна кўп дон топширдик. Ҳосилдорлик 40 центнерни ташкил қилганди. Вилоят ҳокимининг совғасини олгач, жорий йилда рағбатга муносиб жавоб қайтариш учун астойдил тер тўкдик. Ғалладан 60 центнердан ҳосил кўтардим. Пахтадан ҳам мўл ҳосил етиштириб, икки хонали уй олдим. Бу йил 28 гектар майдонда уруғлик учун пахта етиштираяпман.

—Ислоҳотларнинг самарасини ҳаётим мисолида кўраяпман, дедингиз. Сизнинг турмушингизда нима ўзгарди?

—Аввало юртимизда фермерлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашаяпти. Фермерларимиз нафақат ерга, ўзининг техникасига ҳам эга бўлмоқда. Ҳозир 2 та “МТЗ-80” русумли трактор, культивация, чизилеь, борона ва бошқа техникаларим бор. Дала юмушларини шу техникаларда амалга оширамиз, бировга ялинмаймиз. Бундан ташқари, фарзандларим илм ўрганаётганидан хурсандман. Катта ўғлим Маҳмуд Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтини битириб, тумандаги “Автойўл” корхонасига ишга кирди. Кичик ўғлим Халилбек Жиззах политехника институтида 2-босқич талабаси. Яна бир ўғил ва қизим мактабда таҳсил олаяпти. Буларнинг барчаси Мустақилликнинг шарофати деб биламан. Юртимиздаги ислоҳотлар ҳаётимга ўзгача мазмун, янгича руҳ киритди, десам арзийди.

Туман ғаллакорлари жорий йилда давлатга ғалла топшириш режасини 103,7 фоизга бажаришди. Шу билан бирга туманда чорвачилик, балиқчилик, боғдорчилик, узумчилик каби соҳалар ҳам тобора ривож топаяпти. 23 та фермер хўжалиги ихтиёридаги 143 гектарлик боғда турли мевали дарахтлар парвариш қилинаяпти. Жорий йилда 8 та узумчилик бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Замонавий услубда барпо этилган туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби навқирон авлод вакилларининг севимли маскани. 18Х42 метр ҳажмдаги спорт зали, стадион, маъмурий бино, ёрдамчи хоналар  келажагимиз эгаларининг ихтиёрида. Айни пайтда спорт мактабида 894 нафар болалар ва ўсмирлар спортнинг 12 тури билан шуғулланишмоқда.

—Биз мактабларда янги тўгараклар очиб, ёш спортчиларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз — дейди БЎСМ директори. Мактабимизнинг ёш спортчилари вилоят ва республика биринчиликларида совринли ўринларни қўлга киритишмоқда.

Туманда бадиий гимнастика, дзюдо, бокс, волейбол, стол тенниси, футбол, қўл тўпи сингари спорт турлари бўйича янги тугараклар очиш режалаштирилган. Мақсад спорт билан шуғулланувчилар сонини яна 30 фоизга кўпайтириш.

—Мамлакатимиз Президентининг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ва “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда жорий йилда 6 та мактабгача таълим муассасалари қурилиб, фойдаланишга топширилади,—дейди туман мактабгача таълим бўлимининг мудири Улуғбек Жангиров.—3807 та мактабгача ёшдаги болаларнинг 2035 нафари бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия олаётир. Ёш авлодни баркамол ривожлантиришда Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори дастуруламал бўлмоқда. Айни пайтда 33 нафар тарбиячилар Жиззах давлат педагогика институтида таҳсил олишмоқда. Кейинги босқичда барча тарбиячиларнинг малакасини ошириш ниятидамиз.

2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти 200 нафар кичкинтойларни ўз бағрига олган. Гуруҳларда “Илк қадам” дастури асосида машғулотлар ўтилаяпти.

—Бугунги кунда болалар муассасасида  навқирон авлод вакилларининг ақлий салоҳиятини ўстириш, қобилиятларини намоён этиш билан кифояланиб қолмасдан уларда она-Ватанга меҳр-муҳаббат, ахлоқ-одобни шакллантириш, табиатга меҳр уйғотиш, маънавий оламини бойитишга ҳаракат қилинаяпти,—дейди мудира Моҳия Нормуҳамедова.—Мусиқа, спорт ва чет тили тўгараклари ташкил этдик. Болаларнинг нутқини ўстириш учун турли танловлар ва викториналар ўтказаяпмиз. Хуллас, болалар бу ерда бошланғич таълимнинг илк босқичини ўтайдилар. Боғча таълимини олган болалар эртанги кунда мактабда фанларни пухта ўзлаштира олади, теран фикрлайди. Болалигидан пухта таълим-тарбия олаётган янги авлод вакилларидан умидимиз катта.