Понедельник, Сентябрь 23

АҚШлик ўзбек инвестори Жиззах вилоятида: «Бибихоним қўрғонлари» тематик парки лойиҳасига старт берилди

Ўзбекистонда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, туризм инфратузилмаси, шу жумладан хорижий сармояларни жалб қилиш, сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида АҚШда яшовчи ўзбекистонлик – GMФР Глобал компанияси президенти Диловар Ғулом ва унинг ҳамкорлари Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати

Диловар Ғулом билан олиб борилган ишларнинг илк натижаси сифатида жорий йилнинг 4 июнь куни Жиззах вилоятида янги туризм маршрути «Бибихоним қўрғонлари» тематик паркини барпо этиш лойиҳасига старт берилди.

Мазкур лойиҳанинг мақсади – XIV асрга оид Бибихоним (Сароймулкхоним) қалъасини ва Сарбозор карвонсаройини туристик маршрутга айлантириш, тарихий ёдгорликлар топилган ашёлар асосида «Янги Хонимқўрғон музейи»ни ташкил қилиш ҳамда қатор туризм инфратузилмаси объектларини барпо қилишдан иборат.

Бундан ташқари, ташриф давомида Жиззах вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва маҳаллий давлат органлари вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди. Унда Жиззах вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш, туризм инфратузилмасини янада яхшилашга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек бошқа соҳалардаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

Хусусан, Айдар-Арнасой кўллар тизими атрофида дам олиш масканлари ҳамда Ш.Рашидов туманида меҳмонхона ва дам олиш мажмуасини барпо этиш каби лойиҳалар кўриб чиқилиб, мазкур лойиҳаларга хорижий инвестиция киритиш белгилаб олинди.

 Фото: Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати

Қайд этиш жоизки, давлат раҳбари томонидан хориждаги ватандошларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга  янада фаол жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

«Ўзбекистон — менинг Ватаним, Она юртимга илк маротаба ташриф буюрдим ва ўзгача туйғуни ҳис этдим. Ватаним олдида кўплаб ишлар қилишим кераклигини англаган ҳолда бир қатор лойиҳаларга ўз сармояларимни киритмоқдаман. Ўйлайманки, бу каби лойиҳалар яқин келажакда халқимиз турмуш даражасини оширишга, туризм соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади. Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, биз хорижда яшаётган мен каби ватандошлар билан биргаликда Ўзбекистонни янада тараққий эттиришга бел боғлаганмиз» – дейди АҚШлик ватандошимиз – GMФР Глобал компанияси президенти Диловар Ғулом.