Суббота, Май 25

Жиззахда 2 йил ичида 22 триллион сўмлик инвестиция дастурлари ишга тушади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил март ойидаги ташрифи доирасида ишлаб чиқилган дастурга асосан ўтган бир йил давомида Жиззах вилоятида 107 та инвестиция лойиҳаси бўйича янги объектлар ишга туширилди.

Бугунги кундаги энг муҳим вазифа – инвестиция ва технологиялар олиб келиб, янги корхоналар ташкил этиш, одамларни иш билан таъминлаш, турмуш  шароитини  яхшилаш, деган эди президент Шавкат Мирзиёев  ўз нутқида.

Сир эмаски, давлат бюджети ҳаражатларининг 70-90 фоизи солиқлар ҳисобига қопланади. Бу маблағлар бюджет орқали қайта тақсимланиб, бутун халқнинг тинч-осойишта, барқарор ривожланишига сарфланади. Янгидан -янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади. Жиззах вилоятида ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицион муҳитни яхшилаш эвазига  солиқ тушумларини белгиланган муддатларда ундирилмоқда.

Вилоятда жорий йилнинг биринчи чорагида бюджет даромадларига 273.9 млрд. сўм режа белгиланган бўлиб, хақиқатда тушум 300.7 млрд.сўмга бажарилди. Бу эса режа 109.8 фоизга ёки 26.8 млрд. сўм ортиғи билан таъминланганлигидан даракдир. Бу  ўтган йилнинг шу давридагига (195.6 млрд.сўм) нисбатан 105.1 млрд. сўмга ёки 1.5 баробар кўп демакдир.

— Танланган иқтисодий йўлнинг бош мезони сифатида қўшилган қиймат солиғи хизмат қилмоқда, — дейди Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Иноят Муҳаммадиев. — Ушбу солиқ тури бўйича жорий йилнинг биринчи чорагида тушумлар кўрсаткичи 117.7 млрд. сўмни ташкил қилиб (ўтган йилда 53.4млрд. сўм) ўтган йил мос даврига нисбатан 2,2 баробарга ортган. ҚҚС тўловчилар сони эса 6 баробарга ортган, бу эса 1117 та тадбиркорлик субъектлари дегани.

2019-2020  йилларда вилоятда умумий қиймати 21 триллион  956 миллиард сўм бўлган  586 та инвестиция лойиҳаси дастури ишлаб чиқилди. Бунинг натижасида 22 минг 300 дан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган. Фориш туманида базальт толаси ва шамол энергияси қурилмалари, Дўстлик туманида қуёш панеллари, Зомин туманида дори воситалари, Жиззах шаҳрида безакли ва юпқа ойна ишлаб чиқариш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Жумладан, 14,1 триллион сўм ёки жами инвестицияларнинг 64 фоизига тенг бўлган 180 та йирик саноат лойиҳасини амалга ошириш орқали Жиззах вилояти «саноат хаби”га айлантирилади.

Президентимизнинг 2019 йил 3 январдаги «Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида 1 мартдан вилоятда «Илғор ҳудуд” синов лойиҳасини амалга ошириш бошланди.
Ушбу лойиҳа доирасида аҳоли даромадларини ошириш ва турмуш шароитини яхшилаш, қулай инвестиция муҳити яратиш ва янги саноат тармоқларини ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

Одамларга муносиб турмуш шароити яратиш  бораисда амалга оширилаётган бу ишларнинг замирида албатта фаровон келажак қуриш кўзда тутилган. Бунинг учун чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик, пиллачилик тармоқларида мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш зарур. Бу лойиҳаларнинг ишга тушиши ортида мамлакат бюджети учун зарур манбалар шакллантирилади. Ишлаб чиқариш, саноат, қишлоқ хўжалиги тизимининг барқарорлашуви ортидан ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмаси ҳам шаклланиб боради. Натижада аҳолининг маиший шароитлари, ижтимоий инфратузилма яхшиланиб, зарур эҳтиёжлар таъминланади.

Айни пайтда Мирзачўлда қилинган ишлар асосида орттирилган тажриба асосида вилоятнинг ҳар бир тумани маркази шу тарзда обод қилинмоқда. Зарур қурилиш-таъмирлаш ишлари эса шу йилнинг ўзида якунланиши белгиланган.
Режага мувофиқ жорий йилда Жиззах шаҳрида 15 та кўп қаватли арзон уй, туманларда 932 та турар жой қуриш вазифаси белгиланган. Зарафшон дарёсидан сув олиб келиш учун магистрал қувур ва насос станцияси қурилишини давом эттирилиб, 264 километр сув тармоғи қуриш ва таъмирлаш бўйича ишлар бошланди. Бунинг натижасида Зарбдор, Бахмал, Пахтакор, Мирзачўл, Дўстлик, Ғаллаорол, Шароф Рашидов туманлари аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланиб, уларнинг турмуш тарзи, саломатлиги яхшиланишига эришилади.

Ўтган йиллар давомида вилоятда ижтимоий соҳада йиғилиб қолган муаммоларни босқичма-босқич бартараф қилиш чораларини кўрилмоқда.

Вилоятда таълим-тарбия соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2019 йилда 25 та давлат мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш, хусусий боғчалар сонини кўпайтириш режалаштирилган. Бундан ташқари, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш бўйича 230 дан зиёд бепул гуруҳ фаолияти йўлга қўйилади. Бунинг натижасида жорий йилда вилоятда мактабгача таълим қамрови 32 фоиздан 51 фоизгаетади. Шунингдек, вилоятда Жанубий Корея ва Германия тажрибаси асосида 10 та инновацион болалар боғчаси барпо этиш кўзда тутилган.

Вилоятда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳам бор. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали, вилоят перинатал маркази, эндокринология, кардиология, тери-таносил диспансерлари, Жиззах шаҳар туғруқ комплекси таъмирланади. Аҳоли ўртасида кўп кузатилаётган касалликлар таҳлилига кўра, ихтисослашган тиббиёт муассасалари қурилади.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати