Суббота, Май 25

Ўзбеклардан чиққан катта Бойнинг ҳикматлари

Яқинда мен Интернетда машҳур бизнесмен, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Алишер Усмоновнинг бизнес қоидалари тўғрисидаги “Мен ўзбеклигимдан фахрланаман” сарлавҳали мақолани ўқидим. Forbes.ru бизнесменнинг энг чуқур маънога эга ҳикматларини чоп этди.
Мана уларнинг баъзилари:

«…Менинг бизнесдаги асосий қоидам – бу ҳеч қачон сиёсий ўйинлар билан шуғулланмаслик… Бир пайтлар (93–йилда) одамлар соғлигига хавф туғдирадиган нарсалар билан савдо қила олмаслигимни тушуниб етдим. Мусулмонлигим учун ҳам захар сотиш менга муносиб эмас. Шундан буён мен учун тамаки бизнеси йўқ.

Ўзим учун ва бутун жамият учун хайрия ишлари маъносини мен бир нарсада кўраман – одамлар ўз яқинларини, ўзларини яхши кўргандек яхши кўришлари лозим. Агар сенинг қўлингдан бирор иш келса, моддий оламда эса буни у ёки бу молиявий иштирок шаклида амалга ошириш мумкин, бундай ҳолатда, бу ишлар билан бизнесдаги муваффақиятларингга қараб, албатта, шуғулланиш керак.
Ёрдам бераётганинг билан мақтаниш — бу инсоннинг маданийлик даражаси пастлиги кўрсаткичидир.

Мен кўп бора ўзбек эканлигимдан фахрланишим тўғрисида айтганман. Бу замин менинг жонажон Ватаним эканлигидан ғурурланаман. Ўзбекистон учун, Ўзбекистон раҳбарияти учун нима фойдали бўлса қилишга тайёрман. Доим, ҳар дақиқада. Менинг виждоним пок. Айниқса Ватаним олдида. Яхши одамлар доим ёмонлардан кўп бўлади, акс ҳолда аллақачон қиёмат бўлган бўлар эди …»

Яқинда “АФОРИЗМЛАР (минг йиллик дурдона фикрлар) ”(ТОШКЕНТ “ШАРҚ-ЗИЁ ЗАКОВАТ” нашриёт-матбаа уйи, 2019. Тўплаб нашрга тайёрловчи Элзод Султонов, муҳаррир Улуғ Бек) китоби дунё юзини кўрди. Ношир қайд этгандек, шуни таъкидлаш лозимки, афоризм – бирор фикрнинг кутилмаган ва ифодалашда тутилмаган, янгича тарзда, яъни одатдагидан бошқача, таъбир жоиз бўлса, оёғини осмондан келтирган ҳолда, жуда ихчам ва сиқиқ шаклда ифода этишдир.

Ўзбеклардан  чиққан  катта  Бойнинг  ҳикматлари

Китобдан ҳадислар, турли халқлар мақоллари, машҳур мутаффакир, ёзувчи ва шоирлар, давлат арбоблари, саркардалар фикрлари ўрин олган. Китобнинг эътиборга лойиқ жойларидан бири, бу унда ўзбеклардан чиққан энг катта бой – бизнесмен Алишер Усмоновнинг қатор ҳикматлари ҳам ўрин олганлигидир. Мана улардан баъзилари:
“Мен бой бўлиб туғилганман: ота-онам менга таълим ва тарбия берган.
Энг ёқимли харажат – китоб харид қилиш.
Маълумотли бўлиш бой бўлишнинг гарови эмас, унинг имкониятларидан бири.
Пуллар нимададир сени эркин қилиши мумкин, лекин бошқа нарсаларда қарам қилиб қўяди.
Биринчи навбатда мен дўстлар орттириш имконини берган хислатларни тарбия этганлари учун ота-онамдан миннатдорман. Дўстларимга эса катта бизнесмен бўлишимга ёрдам берганликлари учун раҳмат.
Қайтара олишинг мумкин бўлганидан кўра кўпроқ қарз олмаслик керак. Мана шу тамойил муваффақият эркинлигини таъминлайди.
Агар виждонли бўлсанг, бойлик ва хайрли ишлар қила олиш имконияти сенга фақат роҳат бағишлайди.
Қанчалик кўп улашсанг, шунчалик кўп бўлиб қайтади.
Маълум ёшга етганда севимли аёлга совға олиш учун пул сарфлаш хуш ёқа бошлайди”.

Академик Иззат Султон профессор Нўъмонжон Раҳимжонов билан бўлган суҳбатда шундай деган эканлар: “Ўзбек тадбикорларининг тўрт хусусияти бор, Биринчиси — бу албатта, унинг ақллилиги. Аҳмоқ одам тадбиркор бўлолмайди. Иккинчиси – бу маърифатлилиги; у ўқимишли одам. Учинчиси – бу ғайрат, шижоатлилиги. Тўртинчи белгиси – бу омадли, Аллоҳ ёрлақаган одам. Омаднинг ҳам аҳамияти беқиёс. Мана шу тўрт хусусиятни ўзида мужассамлаштирган қаҳрамонлар адабиётимизда пайдо бўлиши лозим. Лекин фақат шулар ва шу сифатлар билан чекланиб қолмаймиз. Маънавий вазифаларимиз кўп. Лекин ҳозир шуларни долзарб, деб биламан”.

“Афоризмлар” китобини ўқир эканман алломанинг ушбу сўзлари эсимга тушди. Ўйлайманки, вақти келиб, адабиётимизда асосий қаҳрамон сифатида тадбиркор образи албатта, пайдо бўлади. Кўп жиҳатдан унга прототип, намуна бўлиб, донишманд олим ва драматург Иззат Султон кўзда тутган барча хусусиятларни ўзида мужассам этган Алишер Усмонов қиёфаси хизмат қилиши мумкин.

Носир Тоиров,
сиёсатшунос